Ўзбекистон ва Покистон уй текстили йўналишида қўшма лойиҳа бошлайди — тафсилотлар

Ўзбекистон Покистон билан уй текстили ва бошқа турдаги тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорлик ўрнатмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 2 фев — Sputnik. Ўзбекистонда Покистоннинг тўқимачилик компанияси иштирокида уй текстили йўналишида қўшма лойиҳа амалга оширилади, дея хабар берди “Дунё”АА.
Ўзбекистон делегацияси Покистоннинг Карачи шаҳрига ташрифи давомида "Union Fabrics" тўқимачилик компанияси фаолияти билан танишди.
“Корхонанинг мато ишлаб чиқариш, унга бўёқ бериш, гул тушириш ва савдога юбориш билан боғлиқ ишлаб чиқариш жараёнлари жойида ўрганилди. Шундан сўнг, делегация иштирокида Ўзбекистонда "Home Textile" (уй текстили) ва бошқа турдаги тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорлик ўрнатиш, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари бўйича музокаралар ўтказилди”, — дейилган хабарда.
Қайд этилишича, Ўзбекистон томони мазкур лойиҳани амалга ошириш учун барча шароитларни, жумладан, бинолар билан таъминлаш ва солиқ имтиёзларини ажратишга тайёр.
Компания раҳбари Шоайб Далалнинг сўзларига кўра, уй текстили маҳсулотларини Ўзбекистонда ишлаб чиқаришга мўлжалланган, 50 та саноат тикув машиналари ўрнатилган корхона ташкил этиш бўйича лойиҳани техник жиҳатдан ўрганиб, тез фурсатларда тегишли маълумотларни тақдим этади.
“Томонлар 11-13 февраль кунлари Лаҳор шаҳрида ўтказиладиган "Made in Uzbekistan" саноат кўргазмаси ҳамда февраль ойида Ўзбекистонда ўтказилиши режалаштирилган бизнес-форум доирасида музокараларни давом эттиришга ва техник жиҳатларни кўриб чиқиб, якуний қарор қабул қилишга келишиб олди”, — дея қайд этилган хабарда.
Учрашув давомида тайёр маҳсулотларни етказиб бериш ва транспорт-логистика соҳаларида ҳамкорлик қилиш, мавжуд маҳсулотларни сотиш, хом ашё таъминоти масалалари бўйича томонларнинг таклифлари кўриб чиқилди.
Томонлар, шунингдек, тўқимачилик маҳсулотларининг турларини кўпайтириш орқали икки томонлама савдо ҳажмини ошириш ва янги товарлар ҳисобига экспорт-импорт муносабатларини жадаллаштириш борасида аниқ келишувга эришди.
“Музокаралар якунида "Union Fabrics" иштирокида Ўзбекистонда уй текстили йўналишида қўшма лойиҳани амалга оширишга келишиб олинди”, — дейилади хабарда.
Тўқимачилик соҳасида ҳамкорлик қилиш мумкин бўлган турдош соҳалар, жумладан, малака ошириш, мутахассислар учун алмашув дастурларини ташкил этиш, учинчи давлатлар бозорларини биргаликда ўзлаштириш соҳаларида томонларни қизиқтирган масалалар ҳақида ҳам фикр алмашилди.