TOШКЕНТ, 31 янв — Sputnik. Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Қирғиз Республикаси Вазирлар Маҳкамаси раиси – президент администрацияси раҳбари Адилбек Касималиев билан икки томонлама учрашув ўтказди. Бу ҳақда ҳукумат порталида хабар берилди.
Учрашув Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг Олмаотага ташрифи доирасида амалга оширилди.
Учрашувда икки мамлакат ўртасидаги дўстлик ришталари ва яхши қўшничиликка асосланган кенг қамровли стратегик шериклик муносабатлари жадал ривожланиб бораётгани, муҳим қўшма лойиҳалар амалга оширилаётгани таъкидланди.
Давлатлар раҳбарлари — Шавкат Мирзиёев ва Садир Жапаров икки мамлакат ҳукуматлари зиммасига ўзаро муносабатларни янада ривожлантириш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб берган. Учрашувда мазкур вазифаларни амалга оширишда яқин ҳамкорлик қилишга алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, савдо-иқтисодий, транспорт-логистика, энергетика, саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда эришилган келишувларни изчил рўёбга чиқариш масалалари кўриб чиқилди.