TOШКЕНТ, 31 янв — Sputnik. Ўзбекистон ва Озарбайжон ID-карталарни ўзаро тан олиш масаласини муҳокама қилди. Бу ҳақда "Дунё" АА хабар берди.
Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг тегишли вазирлик ва идоралари вакиллари ўртасида икки давлат фуқароларининг ID-карталарини чегарадан ўтиш учун расмий ҳужжат сифатида тан олиш имконияти муҳокамасига бағишланган онлайн учрашув ташкил этилди.
Таъкидланишича, ушбу саъй-ҳаракат саёҳатларни енгиллаштириш ва икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Томонлар фуқаролар ҳаракатини соддалаштириш, икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш ва миграция сиёсати соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган ушбу қадам муҳим аҳамиятга эга эканлигини қайд этдилар.
ID-карталардан фойдаланиш Ўзбекистон ва Озарбайжон фуқароларига чет эл паспортини олмасдан туриб чегарани кесиб ўтиш имконини беради, бу эса саёҳат қилиш қулайлигини оширади ва мамлакатлар ўртасидаги интеграцияни мустаҳкамлайди.
Шунингдек, мазкур қарорнинг қабул қилиниши Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги савдо-иқтисодий, маданий ва сайёҳлик алоқаларини ривожлантиришга ижобий таъсир кўрсатиши кутилмоқда.