Ўзбекистон Афғонистон орқали транзитнинг бир қисмини “Шимол-Жануб” бўйлаб йўналтирмоқчи

Ўзбекистондан ўтувчи янги минтақавий транзит йўлакларни шакиллантириш ва қўшимча транзит юк оқимларини жалб қилиш мақсадида қатор ишлар амалга оширилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 29 янв — Sputnik. Ўзбекистон Афғонистон орқали транзитнинг бир қисмини “Шимол-Жануб” коридори бўйлаб йўналтирмоқчи. Бу ҳақда президент томонидан имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг транспорт-логистика тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида назарда тутилган.
Ҳужжатда Марказий Осиёда транспорт-логистика тизимини биргаликда ривожлантириш бўйича минтақавий битим қабул қилиш ва Марказий Осиёнинг бошқа минтақалари билан ўзаро интеграцияни амалга ошириш бўйича Минтақавий марказ ташкил этиш ташаббусини илгари суриш белгиланган.
Шунингдек, “Шарқ-Ғарб” ва “Шимол-Жануб” йўналишларидаги транспорт-транзит лойиҳаларида, шу жумладан, “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида фаол иштирок этиш ҳам назарда тутилган.
Қолаверса, яқин мамлакатларининг денгиз ва қуруқ портларидан самарали фойдаланиш, шу жумладан, уларнинг ҳудудида ўзбек бизнес вакиллари иштирокида омборхоналар, юк терминаллари ва бошқа транспорт инфратузилмаси объектларини сотиб олиш, ижарага олиш ёки қуриш учун шароитлар яратилади.
Ўзбекистондан ўтувчи янги минтақавий транзит йўлакларни шакиллантириш ва қўшимча транзит юк оқимларини жалб қилиш мақсадида қуйидагилар амалга оширилади:
“МДҲ мамлакатлари – Ўзбекистон-Афғонистон-Покистон-Жанубий Шарқий Осиё мамлакатлари” тарнспорт йўлагини ривожлантириш, шу жумладан, “Шимол-Жануб” йўналишида ташилаётган юкларнинг бир қисмини Ўзбекистон орқали трансафғон йўналишига қайта йўналтириш бўйича қулай шароитлар яратиш;
“Хитой-Қозоғистон/Қирғизистон-Ўзбекистон-Афғонистон-Покистон” транспорт йўлагини шакиллантириш ва унда юк ташиш ҳажмини кўпайтириш;
“Хитой-Қозоғистон/Қирғизистон/Тожикистон-Ўзбекистон-Туркманистон-Эрон-Туркия-Европа давлатлари” транспорт йўлагини ташкил этиш;
“Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” ва “Ўзбекистон-Афғонистон-Покистон” темир йўл линияларини қуриш лойиҳаларини амалга ошириш.
Ҳужжатда қайд этилишича, транспорт соҳасида йирик инфротузилма лойиҳаларининг амалга оширилиши мамлакат ҳудудларининг ўзаро боғланганлигини таъминлаш ва транспорт йўлакларини диверсификация қилиш вазифаларини ҳал этиш имконини беради.
Бугунги кунда умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари узунлиги 42 371 км (шу жумладан, халқаро аҳамиятдаги йўллар – 3 834 км)
Умумий фойдаланишдаги темир йўллар – 7 400 км ( шу жумладан, электрлаштирилган темир йўллар – 3 145 км)
Ҳаво трассалари – 26 минг кв, фойдаланишдаги ички сув йўллари – 550 кмни (кема қатнайдиган кафолатланган ўлчамдаги сув йўллари – 280 км) ташкил этади.
Республикада халқаро қатновлар учун очиқ бўлган жами 77 та, шу жумладан, автомобил йўлларида 48 та, чегараолди темир йўл бекатларида 17 та, аэропортларда 11 та ҳамда дарё портларида 1 та давлат чегарасидан ўтказиш путктлари мавжуд.
Ўзбекистон “Шимол-Жануб” транспорт йўлагини ривожлантиришда қатнашиши мумкин
Халқаро юк ташиш ҳажми 1,8 баробарга ўсиб, 2024 йилда 59,6 млн тоннани ташкил қилди. Жаҳон банкининг 2023 йилдаги ҳисоботига кўра, Логистика самарадорлиги индексида Ўзбекистон 139 та давлат орасида 88-ўринга кўтарилиб, МДҲ давлатлари орасида 5-ўринни, Марказий Осиё давлатлари ичида 2-ўринни эгаллади.
Чегара пунктларида автотранспортларнинг электрон навбат тизими жорий этилади