Ўзбекистонлик олимлар мошнинг тезпишар навини яратишди

Олимлари томонидан мошнинг тезпишар “Ишонч” нави яратилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 28 янв — Sputnik. Ўзбекистонда мошнинг тезпишар “ишонч” нави яратилди, дея хабар берди мамлакат Фанлар академияси матбуот хизмати.

“Фанлар академияси Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти селеционер олимлари томонидан мошнинг тезпишар “ишонч” нави яратилди. Унинг ўсув даври 65-70 кунни ташкил қилади”, — дейилади хабарда.

Айтилишича, дуккаклари асосан ўсимлик тепа қисмида жойлашган, бир ўсимликдаги дуккаклар сони 35-45 дона.
Ётиб қолишга, тўкилишга, касалликларга чидамли ва механизация ёрдамида йиғиштириб олишга мўлжалланган универсал нав ҳисобланади. Маҳаллий навлардан ҳосилдорлиги, дон сифати ва касалликларга чидамлилиги билан ажралиб туради.
Ҳосилдорлиги тупроқ иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда апрель-май ойларида экилганда 20-24 с\га бўлса, такрорий экин сифатида етиштирилганда эса 25-28 с\га атрофида ўзгариб туради. 1000 уруғ вазни - 68 г. Дон таркибида оқсил микдори 25,5 %, крахмал 67,4 %, мой 1,7 %.
Такрорий муддатлар учун мос ҳамда алмашиб экишда тупроқ унумдорлиги оширади.
“Мошнинг илдизида туганак бактериялари тўпланиб, атмосферадаги молекуляр ҳолдаги эркин азотни ўзлаштириб, тупроқда биологик ҳолда 50-100 кг., баъзан 150 кг. атрофида азот қолдиради. Бутун вегетация даврида ўзидан кейин 2,5-4,0 тонна миқдорида илдиз қолдиқларини тупроқда қолдиргач, тупроқдаги қийин эрийдиган фосфор бирикмаларини ўзлаштиришга ёрдам беради”, — дея қайд этилган хабарда.
Экиш муддатлари: Эртаги экинга экишда- 10-20 апрель, такрорий муддатларда 10-20 июнь энг мақбул ҳисобланади.
Мазкур нав суғориладиган тупроқларда экиш учун мўлжалланган. Турли хил тупроқ иқлим шароитларида яхши ҳосил беради. Навнинг сувга бўлган талаби баҳорги муддатда 1000-1200 м3, такрорий муддатларда эса 1500-1800 м3. Экиш меъёри 12-15 кг. (200-220 минг ўсимлик./га) Қўш қатор экилганда 24-28 кг (350-400 минг ўсим./га).
"Гектарига 200 тоннагача ҳосил": Ўзбекистонда яратилган помидорнинг янги нави ҳақида