Бухоро ва Наманганда давлат техника университетлари ташкил этилади

Университет Бухоро муҳандислик-технология институти ҳамда Бухоро табиий ресурсларни бошқариш институти негизида очилади.
Sputnik
TOШКЕНТ, 27 янв — Sputnik. Бухоро давлат техника университети ташкил этилади. Бу ҳақда президент томонидан қабул қилинган тегишли қарорда назарда тутилган.
“Бухоро давлат техника университетини ташкил этиш тўғрисида”ги президент қарорига кўра, Бухоро муҳандислик-технология институти ҳамда Бухоро табиий ресурсларни бошқариш институти негизида Бухоро давлат техника университети ташкил этилади.
“Муҳандислик, ишлаб чиқариш, озиқ-овқат технологияси, енгил саноат, нефть ва газ, яшил энергетика, архитектура ва қурилиш, транспорт ва логистика, агротехнология, ахборот технологиялари ва дастурлаш соҳалари бўйича, шунингдек, ҳудуднинг юқори малакали кадрларга бўлган эҳтиёжига мувофиқ олий маълумотли мутахассислар ҳамда илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш Университетнинг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланди”, — дейилган ҳужжат матнида.
Университетда нефть ва газ муҳандислиги соҳасида Илғор муҳандислик мактаби фаолияти йўлга қўйилади.
2025/2026 ўқув йилидан:
университет талабаларининг фанларни ўзлаштириш кўрсаткичини ва профессор-ўқитувчиларнинг фаолият самарадорлигини халқаро тажрибалар асосида баҳолаш тизими жорий этилади;
университет профессор-ўқитувчилари ва докторантларини етакчи хорижий олий таълим ва илмий-тадқиқот ташкилотларига илмий стажировка ва малака оширишга юборилади;
йирик ишлаб чиқариш корхоналари ва ташкилотларни университетга саноат ҳамкори сифатида бириктирилади;
2026 йил 1 январдан университетга академик, ташкилий ва молиявий мустақиллик берилади.
Шунингдек, президент “Наманган давлат техника университетини ташкил этиш тўғрисида” қарор қабул қилди.
Қарорга кўра, Наманган муҳандислик-технология институти, Наманган муҳандислик-қурилиш институти ва Наманган тўқимачилик саноати институти негизида Наманган давлат техника университети ташкил этилади.
Муҳандислик, қурилиш, тўқимачилик, ахборот технологиялари ва дастурлаш, ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ҳамда хизмат кўрсатиш соҳалари бўйича, шунингдек, ҳудуднинг юқори малакали кадрларга бўлган эҳтиёжига мувофиқ олий маълумотли мутахассислар ҳамда илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш университетнинг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланди.
Университетда юридик шахс мақомисиз Илғор муҳандислик мактаби фаолияти ташкил этилади.
"2025/2026 ўқув йилидан иш берувчи корхона ва ташкилотларнинг реал муаммолари асосида битирув малакавий ишлари ҳамда магистрлик диссертациялари мавзулари банкини шакллантириш ва талабаларнинг битирув малакавий иши ҳамда магистрлик диссертация ҳимояларини иш берувчи корхона ва ташкилотларда ташкил этиш чоралари кўрилади", — дейилади ҳужжат матнида.
2026/2027 ўқув йилигача университетнинг камида иккита бакалавриат таълим йўналиши ва учта магистратура мутахассислигининг халқаро тан олинган ташкилотлар аккредитациясидан ўтказилиши таъминланади.
2025 йилдан йирик ишлаб чиқариш корхоналарини университетга саноат ҳамкори сифатида бириктирилади.
Наманган муҳандислик-технология институти, Наманган муҳандислик-қурилиш институти ҳамда Наманган тўқимачилик саноати институтида таҳсил олаётган барча талабалар ўқишини Университетда давом эттиради ва 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб битирувчиларга белгиланган тартибда Университет дипломи берилади.
Ўзбекистонда киберхавфсизлик бўйича давлат университети ташкил этилади