ТОШКЕНТ, 24 янв — Sputnik. Энди “Янги Ўзбекистон” массивига ажратилган ер бўйича лойиҳалаш 2 ойдан ошмаслиги, 3 ой ичида қурилиш бошланиши керак. Бу талаб бузилса, ер қайта аукционга чиқарилади, деб хабар берди президент матбуот хизмати.
Шавкат Мирзиёев раислигида 23 январь куни ипотека дастури доирасида 2024 йилда амалга оширилган ишлар ва 2025 йилги режалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Ўтган йили Ўзбекистонда жами 40 миллион квадрат метрдан зиёд бино-иншоотлар қурилган. Жумладан, 100 мингдан зиёд хонадонга эга 2 минг 44 та кўп қаватли уйлар бунёд этилган.
Президента Шавката Мирзиёева провел видеоселекторное совещание
© Пресс-служба президента Узбекистана
Соҳани рағбатлантириш учун 2024 йилда 59 минг одамга 17 триллион сўм ипотека кредити ажратилган. Қурувчи ва девелоперларга айланма маблағ учун жами 3 триллион сўм берилган. Қорақалпоғистон, Жиззах ва Сирдарёда айрим лойиҳалар ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Баъзи вилоятларда аукционда сотиб олинган ўнлаб ерларда қурилиш бошланмаган. Аҳоли ва инфратузилмадан узоқ жойда қурилгани учун 781 та хонадон сотилмаган.
Давлат раҳбари, айниқса, “Янги Ўзбекистон” массивларидаги ишларнинг боришидан норозилигини билдирди.
“Янги Ўзбекистон” массивларини қуриш бу – президент сиёсати. Улар билан ҳудудлар обод бўлади, маданият, маърифат, дунёқараш ўзгаради, савдо ва хизматлар кўпаяди”, – деди Шавкат Мирзиёев.
Шу боис бу борада янги тартиб белгиланди. Энди “Янги Ўзбекистон” массивига ажратилган ер бўйича лойиҳалаш 2 ойдан ошмаслиги, 3 ой ичида қурилиш бошланиши керак. Бу талаб бузилса, ер қайта аукционга чиқарилади. Лойиҳа кўпи билан ўн беш кунда экспертизадан ўтказилади.
Бу йил ушбу массивлар инфратузилмаси учун 1,2 триллион сўм йўналтирилади. Қурилишда “эскроу” тизими жорий қилиниши билан, девелоперларга ҳозиргидан пастроқ ставкада 1 миллиард доллар айланма маблағ жалб этиш имконияти пайдо бўлади. Уларни молиялаштириш уй қуриш билан бирга бошланади ва давом этади. Фуқаролар эса қурилиш бошидан ипотека ва субсидия олиш, уй битмасдан ҳам бошқа одамга сотиш имконига эга бўлади.
Ишончли девелоперлар учун яна бир имконият: иморатнинг 50 фоизи қурилганда фуқаролар кредит ва субсидия олиши мумкин бўлади. Ушбу тартиб нафақат имтиёзли, балки тижорат ипотека кредитлари учун ҳам татбиқ этилади. Қурувчи ташкилотлар қурилиш бошлаганидан якунлагунича, лекин кўпи билан 12 ой давомида ер солиғи тўлашдан озод қилинади. Объект муддатида топширилмаса, девелопер ер солиғини 2 карра миқдорда тўлайди.
“Янги Ўзбекистон” массиви учун ажратилган ернинг 10 фоизи девелоперларга тижорат бинолари қуриш учун ягона лот сифатида савдога чиқарилади. Уйларнинг 1-2-қаватида хусусий боғчалар очиш қўллаб-қувватланиб, мулк солиғидан ҳам озод этилади.
Умуман, 2030 йилгача 100 та “Янги Ўзбекистон” массиви қурилиши режалаштирилган. Бунинг учун ерлар камида 70 минг одам яшайдиган туман маркази ёки шаҳар ҳудудига 1-2 километр масофадаги жойдан ажратилади. Бу массивларнинг ҳар бирида 100 минг квадрат метрли 2 мингта хонадон қурилади.
Ишларни сифатли ташкиллаштириш учун замонавий менежерлардан иборат “Ўз уйим” компанияси тузилади. Ушбу компания “Янги Ўзбекистон” массивларига ер танлаш, лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатация қилишга масъул бўлади.
Мутасаддиларга халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда, келгуси беш йил учун уй-жой сиёсати стратегиясини ишлаб чиқиш топширилди. Қурилиш сифати ва назорати масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди. Энди бу жараёнлар соддалаштирилиши қайд этилди.
Президента Шавката Мирзиёева провел видеоселекторное совещание
© Пресс-служба президента Узбекистана
Иншоотнинг лойиҳага мослигини Қурилиш соҳасида назорат қилиш инспекцияси текширади ва битганидан кейин хулоса беради. Зарур ҳолларда, бошқа соҳадаги мутахассисларни жалб қилади. Қурилиш давомида зилзилага бардошлиликни синовдан ўтказган лабораториянинг ўзи охирида қўшимча ҳақ олмай хулоса беради. Бинони фойдаланишга топширишда ҳозирги 7 та идора ўрнига фақат 2 та – Қурилиш инспекцияси ва ёнғин хавфсизлигининг хулосаси етарли бўлади.
Соҳага салоҳиятли девелоперларни жалб қилиш мақсадида, бундан буён кўп қаватли уй қуриш учун ерлар аукционда фақат ҚҚС тўловчи юридик шахсларга сотилади.
Президента Шавката Мирзиёева провел видеоселекторное совещание
© Пресс-служба президента Узбекистана
Жорий йилда мамлакатда 120 минг хонадонли кўп қаватли уй қурилиши режалаштирилган. Шунингдек, Янги Тошкентда 15 минг хонадон барпо қилиш кўзда тутилган. Бу уйларда “яшил” энергиядан фойдаланилади. Энергия барқарорлигини таъминлаш учун хусусий шериклик асосида 100 мегаватт соат сиғимли электр сақлаш қуввати ўрнатилади.
Янги Тошкентдаги уйларни иситиш ва совутиш марказлашган “уч генерация” тизими орқали бўлади. Бунинг ҳисобига ёз мавсумида электр сарфи 4 карра қисқаради. Барча бино-иншоотларга юқори энергия самарадорлик талаблари жорий қилинади. Транспорт, ёритиш тизимлари ва зарядлаш станциялари фақат “яшил” технологиялар асосида бўлади.
Президента Шавката Мирзиёева провел видеоселекторное совещание
© Пресс-служба президента Узбекистана
Эски уйларни реновация асосида янгилаш масаласига ҳам эътибор қаратилди. Бунда ердан фойдаланиш самарадорлиги 4-5 карра ошади, коммуникация харажати 2 карра камаяди. Асосийси, бу орқали шу ҳудуддаги одамларнинг дунёқараши ўзгаради, турмуш тарзи тубдан яхшиланади, иш ўрни кўпайиб, иқтисодиёт ривожланади.
Бу йил уй-жой дастурларини молиялаштиришга бюджетдан 15 триллион 500 миллиард сўм ажратилиши кўзда тутилган. Банклар томонидан бунга қўшимча 10 триллион сўм, “Ипотекани қайта молиялаштириш компанияси” томонидан 2,3 триллион сўм йўналтирилади. Бунинг ёрдамида 70 мингта хонадоннинг ипотека кредити орқали сотилишига шароит яратилади. Шундан 30 минг хонадон, бошланғич бадалига бюджетдан субсидия тўланган ҳолда, даромади юқори бўлмаган оилаларга берилади.
Йиғилишда вилоят ҳокимлари “Янги Ўзбекистон” массивлари қурилиши, ипотека ва реновация лойиҳалари бўйича ахборот берди.