ТОШКЕНТ, 23 янв — Sputnik. Ўзбекистонда олий таълимда илмий салоҳиятни 55 фоизга чиқариш, хорижда 5 минг нафар педагог малакасини ошириш режалаштирилган. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Шавкат Мирзиёев 22 январь куни олий таълим ва илм-фан соҳасидаги устувор вазифаларга оид тақдимот билан танишди.
Таъкидланишича, бу йил мингдан ортиқ таълим дастурлари “ТОП-300” университет дастурлари асосида такомиллаштирилади. 45 та таълим дастурлари халқаро аккредитациядан ўтказилади. Олийгоҳларда Регистратор офиси хизматлари билан талабалар тўлиқ қамраб олинади. Дуал таълимга яна 50 минг талаба жалб қилинади.
Президент Шавкат Мирзиёев ознакомился с презентацией о приоритетных задачах в области высшего образования и науки
© Пресс-служба президента Узбекистана
Илғор муҳандислик мактабларини 25 тага етказиб, саноат корхоналари билан лойиҳалар қийматини 10 баробар ошириш мақсад қилинган.
Тақдимотда мутасаддилар шу борада амалга ошириладиган ишлар ҳақида ахборот берди.
Олий таълимга қабул жараёнида “аввал тест, кейин танлов” тамойилига ўтилди. Давлат гранти талабаларнинг иқтидорига қараб ажратиладиган бўлди. Молиявий мустақиллик берилган 40 та олийгоҳда Регистратор офиси ташкил қилинди. Натижада деканат ва бўлимларда штатлар 20 фоизга қисқариб, 30 та хизмат тури рақамлашди.
Ушбу тажрибадан келиб чиқиб, шундай офисларни бошқа олий ўқув юртларида ҳам очиш, таълим ва илм-фан хизматларини қамраб олган ягона рақамли тизим жорий этиш бўйича кўрсатмалар берилди. Дуал таълимда иштирок этаётган корхоналарни рағбатлантириш бўйича таклифлар билдирилди.
Президент Шавкат Мирзиёев ознакомился с презентацией о приоритетных задачах в области высшего образования и науки
© Пресс-служба президента Узбекистана
Йиғилишда Нукус, Бухоро, Фарғона ва Наманган техника университетларини ташкил этиш лойиҳалари тақдимот қилинди. Унга кўра, янги йўналишлар очилиб, хорижий дастурлар татбиқ қилинади, талабаларнинг илмий-инновацион жараёнларда иштироки кенгайтирилади, олийгоҳларга саноат ҳамкорлари бириктирилади.
Умуман, бу йўналишдаги 35 та муассасани йириклаштириш ҳисобига, 22 та техника университети ташкил қилинади. Шу йил охиригача яна 17 та муҳандислик мактаби очилади.
Докторантура квотасини тақсимлашда иқтисодиётнинг драйвер соҳаларига аҳамият қаратиш, илмий даража ва унвонлар олиш тартибини такомиллаштириш бўйича кўрсатмалар берилди. Педагоглар касбий маҳоратини оширишни янги босқичга олиб чиқиш зарурлиги таъкидланди.
Шунингдек, маънавий-маърифий, спорт ва интеллектуал лойиҳалар билан талабаларни тўлиқ қамраб олиш, ёшларда ватанпарварлик руҳини кучайтириш тадбирлари юзасидан ахборот берилди.