МДҲда 2028 йилни Ижтимоий ривожланиш ва турмуш сифати йили деб эълон қилиш таклиф этилди

Ижтимоий ривожланиш ва ҳаёт сифати йили деб эълон қилиш бўйича якуний қарор МДҲ Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишида қабул қилинади.
Sputnik
TOШКЕНТ, 20 янв — Sputnik. Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ)да 2028 йилни Ижтимоий ривожланиш ва турмуш сифати йили деб эълон қилиш таклиф қилинмоқда, дея хабар берди МДҲ Ижроия қўмитаси матбуот хизмати.
МДҲ штаб-квартирасида тегишли қарорлар лойиҳасини келишиш бўйича эксперт гуруҳининг йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва МДҲ Ижроия қўмитаси вакиллари иштирок этди.
Экспертлар мамлакатлардан келиб тушган таклифларни муҳокама қилиб, ҳужжатлар лойиҳаларини келишиб олди. Йиғилиш материаллари Ҳамдўстлик давлатларига юборилади.
“МДҲда Ижтимоий ривожланиш ва турмуш сифати йили деб эълон қилиш ташаббуси Қирғизистон томонига тегишли. Уни МДҲга аъзо давлатларнинг меҳнат, бандлик ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш масалалари бўйича маслаҳат кенгаши аъзолари қўллаб-қувватлади”, — дейилади хабарда.
Айтилишича, мазкур ташаббуснинг амалга оширилиши Ҳамдўстлик давлатларининг ижтимоий соҳадаги ўзаро ҳамкорлиги борасидаги ишларни кенгайтириш, ҳаёт сифатини ошириш, ижтимоий-демографик салоҳиятни мустаҳкамлаш, аҳолининг самарали бандлигини таъминлашга хизмат қилади.
2028 йил давомида қуйидагиларни амалга ошириш режалаштирилган:
ижтимоий-меҳнат соҳасидаги ҳужжатларни такомиллаштириш ва янгилаш орқали барқарор ижтимоий ривожланиш ва ҳаёт сифатини таъминлаш бўйича тадбирларни амалга ошириш;
ижтимоий мулоқотни кенгайтириш;
тажриба лойиҳаларини амалга ошириш ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг илғор тажрибасини оммалаштириш;
МДҲга аъзо давлатларнинг ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-демографик сиёсатининг долзарб масалалари бўйича халқаро форумлар ва мулоқот майдончаларини ўтказиш.
2028 йилни Ижтимоий ривожланиш ва ҳаёт сифати йили деб эълон қилиш бўйича якуний қарор МДҲ Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишида қабул қилинади.