ТОШКЕНТ, 17 янв — Sputnik. Тошкент шаҳрининг 2045 йилгача мўлжалланган бош режасидаги асосий ўзгаришлар ва мақсадлар ҳақида Тошкент шаҳри қурилиши дирекциясининг шаҳарсозлик ҳужжатларини тайёрлаш бўлими бошлиғи Саидазим Шарипов сўзлаб берди.
Унга кўра, Тошкентнинг янги бош режаси рақамли бўлиб, у ҳамма танишиши учун очиқ бўлади.
“Бош режанинг асосий тамойилларидан бири — 15 дақиқалик шаҳар концепцияси. Унда жамоат транспорти, метро ва метробуслар тирбандлигидан қатъи назар, тўсиқларсиз ҳаракатланади. Биз ана шундай йўлакларни белгилаб олдик. Бунинг натижасида Тошкентнинг тезюрар жамоат транспорти билан қопланиш даражаси 90 фоиздан ошади”, — деди мутахассис.
Шунингдек, лойиҳа шаҳардаги яшил майдонлар ҳудудини 2,5 баравар оширишни мақсад қилган.
“Тошкент шаҳридаги яшил ҳудудлар майдонини одам бошига минимал жаҳон стандарти даражаси — 8 кв.метрга олиб чиқишни мақсад қилганмиз. Ҳозир - 3 м.кв. Лойиҳавий муддатда, яъни 2045 йилга қадар Тошкент 7 млн аҳоли яшаши учун қулай манзилга айланиши керак", - дейди Шарипов.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йил охирида Ўзбекистон ҳукумати Тошкентнинг 2045 йилгача бўлган бош режасини тасдиқлаган эди.