ТОШКЕНТ, 13 янв — Sputnik. Ўзбекистон-Эрон туризм бўйича қўшма қўмита ташкил этиши мумкин, дея хабар берди “Дунё” АА.
Ўзбекистон элчиси Фариддин Насриев Эрон Маданий мерос, туризм ва ҳунармандчилик вазири Сейид Ризо Солиҳий Амирий билан учрашди. Унда кейинги йилларда Ўзбекистон билан Эрон ўртасидаги ҳамкорлик кўплаб соҳаларда ривожланиб бораётгани қайд этилди.
Вазирнинг сўзларига кўра, Эрон президенти Ўзбекистон билан туризм соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш, хусусан, ўзаро сайёҳлар оқимини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.
“Учрашувда туризм бўйича Ўзбекистон-Эрон қўшма қўмитасини ташкил этиш ва ЮНЕСКО доирасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди”, — дейилади хабарда.
Айтилишича, Эрон томони Ўзбекистон туризм соҳаси вакилларини жорий йилнинг 11-14 февраль кунлари Теҳронда ўтказилиши режалаштирилган 18-Халқаро сайёҳлик кўргазмасида иштирок этишга таклиф қилди.