ТОШКЕНТ, 12 янв — Sputnik. Ҳиндистоннинг энг йирик компанияси Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилади, дея хабар берди "Дунё" АА.
Ўзбекистон элчиси Сардор Рустамбоев Ҳиндистоннинг "Reliance Industries Limited" компанияси стратегик тараққиёт бўйича президенти Камал Нанавати билан учрашди.
“Учрашув чоғида томонлар Ўзбекистон ва "Reliance Industries Limited" ўртасида нефть-кимё, тўқимачилик, қайта тикланадиган энергетика ва бошқа долзарб йўналишларда ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларини муҳокама қилди”, — дейилади хабарда.
Айтилишича, компания Ўзбекистон билан юқорида номи келтирилган соҳаларда манфаатли лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиш билдирган.
Ҳиндистоннинг мазкур энг йирик нодавлат компанияси энергетика, нефть-кимё, тўқимачилик, телекоммуникация, чакана савдо ва бошқа соҳаларни қамраб олган. Компаниянинг асосий фаолияти нефт ва газ қазиб олиш ва нефтни қайта ишлашга қаратилган. У бозор капиталлашуви ва даромадлари бўйича Ҳиндистондаги энг йирик оммавий компания ва дунёдаги 100-чи йирик компания. Бу Ҳиндистоннинг энг йирик хусусий солиқ тўловчиси ва энг йирик экспортчиси бўлиб, Ҳиндистоннинг умумий товар экспортининг 7% ни ташкил қилади.