ТОШКЕНТ, 6 янв — Sputnik. Ўзбекистонда темир йўл чипталари нархи оширилади. Бу ҳақда "Ўзбекистон темир йўллари" матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, "Ўзбекистон темир йўллари" АЖда йўловчи ташиш соҳасида бозор тамойилларига асосланган нархлар шакиллантирилди.
“2025 йил 1 февраль санасидан бошлаб юқори тезликда ҳаракатланувчи "Афросиёб" электропоездларнинг VIP, Бизнес тоифадаги чипта нархлари 25% га, Эконом тоифадаги чипта нархлари 20% га ҳамда тез юрар йўловчи поездлар "Шарқ", "Насаф" ва "Ўзбекистон" поездларнинг чипта нархлари 30% га оширилмоқда”, — дейилади хабарда.
"Афросиёб" электропоездларнинг чипта нархлари
Йўналиш | Чипта тури | Чипта тури | Чипта тури |
Тошкент - Бухоро | VIP 994 000 сўм | Бизнес 751 000 сўм | Эконом 484 000 сўм |
Тошкент - Қарши | VIP 854 000 сўм | Бизнес 634 000 сўм | Эконом 406 000 сўм |
Тошкент - Самарқанд | VIP 619 000 сўм | Бизнес 450 000 сўм | Эконом 294 000 сўм |
Айтилишича, нархлар электр энергияси, ёқилғи ва транспорт харажатларини қоплаш, шунингдек янги юқори тезликда ҳаракатланувчи электропоездларни харид қилиш ва йўловчи вагонлари паркини янгилаш, темир йўл вокзаллари фаолиятини янгича замонавий талабларига мувофиқ олиб бориш ва йўловчиларга сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида оширилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил 1 январдан бошлаб юқори тезликдаги ва тезюрар йўналишдаги поездларда йўловчиларни ташиш хизматлари тарифларини давлат томонидан тартибга солиш амалиётидан воз кечиш, шунингдек, уларни бозор тамойиллари асосида тартибга солиш механизмига ўтилган.