ТОШКЕНТ, 28 дек — Sputnik. Афғонистоннинг Балх вилоятига "Саломатлик" тиббий-санитар ёрдам поездида борган ўзбекистонлик шифокорлар уч кун ичида 1300 нафардан зиёд афғонистонликларни тиббий кўрикдан ўтказишди. Бу ҳақда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖга қарашли “Темир йўл ижтимоий хизматлари” муассасаси маълум қилди.
“Саломатлик” тиббий-санитар ёрдам поезди 15 хил турдаги тиббий асбоб ускуналар билан жихозланган ва жами 28 нафар тиббиёт ходими ва 5 нафар темир йўл мутахассислар билан таъминланган.
Ўтган 3 кун давомида кўрикдан ўтказилганларнинг 576 нафари эркаклар, 464 нафари аёллар ва 273 нафари ёш болалар.
Шунингдек, тиббий кўрик давомида афғон фуқароларига 1, 6 млрд сўмлик 50 та турдаги дори-дармон ва гигиена воситалари тарқатилди.
Бепул кўрик 30 декабргача давом этади.