TOШКЕНТ, 24 дек — Sputnik. Ўзбекистон 2025 йилнинг 1 январидан расман БРИКСнинг ҳамкорига айланади. Бу ҳақда Россия Федерацияси президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков маълум қилди, деб ёзмоқда РИА Новости.
Қайд этилишича, Беларусь, Боливия, Индонезия, Қозоғистон, Таиланд, Куба, Уганда, Малайзия ва Ўзбекистон 2025 йил 1 январдан расман БРИКСнинг ҳамкор давлатлари бўлади.
“Қозондаги саммит арафасида у ёки бу мақомда БРИКС фаолиятига қўшилиш учун 35 та ариза келиб тушди. Баъзи давлатлар дарҳол тўлиқ иштирок этишни хоҳлашди, бошқалари танланган тадбирларда кузатувчи сифатида иштирок этишни хоҳлашди. Шубҳа йўқки, саммитнинг муҳим натижаларидан бири БРИКС бўйича ҳамкор давлатлар тоифасининг белгиланиши ва 13 та давлат рўйхати бўйича келишув бўлди. Бу давлатларга тегишли таклифлар юборилди. Бугунга келиб уларнинг БРИКС бўйича ҳамкор давлат бўлишга тайёрлигини тасдиқловчи ҳужжатлар Беларусь, Боливия, Индонезия, Қозоғистон, Куба, Малайзия, Таиланд, Уганда ва Ўзбекистондан келди”, — деди Ушаков брифингда.
Унга кўра, 2025 йил 1 январдан бошлаб улар расман БРИКС бўйича ҳамкор давлат мақомини олади.
“Биз яқин орада таклифномалар юборилган яна тўртта давлатдан жавоб олишимизни кутамиз”, — дея қўшимча қилди Ушаков.
“Хавфсизлик масалалари бўйича олий вакиллар йиғилишлари, парламент форумлари ва бошқа тадбирларга ҳамкорларни жалб этишни тўғри деб биламиз. Ҳамфикрларимиз кириши учун бирлашма эшиклари очиқлигича қолмоқда", — деб аниқлик киритди у.
Унинг айтишича, айни пайтда БРИКС мулоқотига йигирмадан ортиқ давлат қизиқиш билдирмоқда - Озарбайжон, Бангладеш, Баҳрайн, Буркина-Фасо, Венесуэла, Гондурас, Зимбабве, Камбоджа, Колумбия, Конго Республикаси, Лаос, Кувайт, Марокаш, Мянма, Никарагуа, Покистон, Фаластин, Сенегал, Сурия, Чад, Шри-Ланка, Экваториал Гвинея ва Жанубий Судан.