Ўзбекистон Хитой билан юқори тезликдаги темир йўл устахонасини очмоқчи

“Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли қурилиши ва эксплуатацияси учун юқори малакали кадрлар тайёрланади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 22 дек — Sputnik. Ўзбекистон Хитой билан ҳамкорликда темир йўл транспорти соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлайди, дея хабар берди Транспорт вазирлиги.
Транспорт вазири ўринбосари Илҳомжон Абдугафаров Хитой партия котиби Чэн Гуанг бошчилигидаги Шинжон темир йўл ва техника касб-ҳунар коллежи делгацияси билан учрашди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Хитой ўртасида транспорт ва логистика ҳамда транспорт инфратузилмасини ривожлантириш йўналишида янги таълим дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда ушбу йўналишдаги ҳамкорликни янада кенгайтириш билан боғлиқ жиҳатлар муҳокама этилди.
“Томонлар “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли қурилиши ва эксплуатацияси учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида Тошкент давлат транспорт университети Шинжон темир йўл ва техника касб-ҳунар коллежи билан ҳамкорликда “Буюк Ипак йўли юқори тезликдаги темир йўл устахонаси”ни ташкил этиш юзасидан фикр алмашди”, — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, ушбу лойиҳанинг мақсади ҳар икки муассасанинг юқори сифатли таълим ва ўқитиш тажрибасидан фойдаланиш ва темир йўл соҳасида таълим алмашинуви ва истеъдодларни ривожлантириш учун кенгроқ платформани тақдим этган ҳолда ҳар икки мамлакатда темир йўл саноатини ривожлантиришга ҳисса қўшишдан иборатдир.