ТОШКЕНТ, 20 дек — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 19 декабрь куни Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.
Икки томонлама кун тартибидаги ҳамда минтақавий ташкилотлар доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Хавфсизликка таҳдид ва хатарларга қарши курашни кучайтириш мақсадида икки мамлакат махсус хизматлари ўртасидаги яқин ва самарали ҳамкорликни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.
Кремль матбуот хизматига кўра, суҳбат давомида Мирзиёев генерал Игорь Кирилловнинг ҳалокати муносабати билан ҳамдардлик билдириб, бу террорчилик ҳужумини кескин қоралади.
Шу билан бирга, Мирзиёев Путинни йил якунида ўтказилган катта матбуот анжумани ва тўғридан-тўғри мулоқотнинг муваффақиятли ўтгани билан табриклади.