TOШКЕНТ, 18 дек — Sputnik. Татаристон раҳбари Рустам Минниханов Ўзбекистонга келди, дея хабар берди республика раиси матбуот хизмати.
Рустам Миннихонов Бухорога иш сафари доирасида Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов билан биргаликда “Бухоро саноатни ривожлантириш мажмуаси” махсус саноат парки қурилиш майдонига ташриф буюрди.
“Эслатиб ўтамиз, Татаристон ўзбекистонлик ҳамкасбларига саноат паркини ташкил этиш бўйича маслаҳат бермоқда. Бугунги кунда Бухоро шаҳрида, бўлажак саноат парки ҳудудида умумий майдони 93 минг квадрат метр бўлган иккита ишлаб чиқариш биноси қурилмоқда”, — дейилади хабарда.
Фойдаланишга топшириш муддати 2025 йилнинг иккинчи чораги. Келгуси йилда саноат парки ҳудудида полимер қувурлари ва полиэфир толаси ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилган.
Татаристон раиси Ботир Зарипов билан бўлиб ўтган учрашувда Россия-Ўзбекистон дўстона муносабатлари доирасида ҳудудлар ўртасида ўзаро шерикликни мустаҳкамлаш учун яратилган имкониятларни юқори баҳолади.
“Биз Шавкат Миромонович Мирзиёевдан Татаристон-Ўзбекистон ҳамкорлигини ривожлантиришга қаратаётган алоҳида эътибори ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишга доимо кўмаклашиш истаги учун миннатдормиз”, – деди Рустам Миннихонов.
Ўзбекистон билан ҳамкорлик фаол ривожланиб, савдо-иқтисодий алоқалар мустаҳкамланиб, ўзаро ташрифлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Жумладан, Ўзбекистон президенти жорий йилда Қозонга икки марта ташриф буюрган.
Сўнгра томонлар “Бухоро саноатни ривожлантириш мажмуаси” саноат паркини ривожлантириш, жумладан, бўлажак резидентлар учун мутахассислар тайёрлаш масалаларини атрофлича муҳокама қилишди.
Учрашув якунида Рустам Миннихонов мамлакатлар раҳбарлари томонидан Бухоро ва Навоий вилоятларида янги лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
“Ушбу муҳим қўшма лойиҳалар мамлакатларимиз ҳамкорлигини мустаҳкамлашга қўшилаётган яхши ҳиссадир. Биз уларни давлатлараро ҳамкорлик манфаати йўлида энг юқори даражада амалга оширишимиз керак”, — дея қўшимча қилди у.