TOШКЕНТ, 18 дек — Sputnik. Фарғона шаҳрида юзага келган ёнғин оқибатида 4 нафар фуқаро ҳалок бўлди, дея хабар берди Фарғона вилояти ИИБ ахборот хизмати.
Кеча, 17 декабрь куни, соат 13:45 ларда Фарғона шаҳар, Янгийўл маҳалласидаги “Petrolium” пропан газ қуйиш шохобчасида 5 м. куб сиғимли контейнерга газ қуйиш жараёнида ёриқ келиб чиқиб, газ моддаси ташқарига сизиб чиқиши оқибатида портлаш ва ёнғин содир бўлган.
“Натижада 1 нафар фуқаро воқеа жойида ҳалок бўлган, шу ҳудудда бўлган бир нечта фуқаролар турли даражада тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган. Кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан улардан 3 нафари шифохонада вафот этган”, — дейилади хабарда.
Мазкур ҳолат юзасидан Фарғона вилоят ИИБ томонидан Жиноят кодексининг 257-моддаси 2-қисми “а” банди ҳамда 259-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.
“Ҳозирги кунда жиноят иши доирасида 5 нафар шахс процессуал тартибда қамоққа олинган, 2 нафар шахсни ушлаш чоралари кўрилмоқда”, — дейилган хабарда.
Ҳолат юзасидан тегишли экспертизалар тайинланган бўлиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.