TOШКЕНТ, 17 дек — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қатар амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний билан телефон орқали суҳбатлашди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Қайд этилишича, суҳбатда олий даражадаги келишувларни амалга ошириш ва инвестиция лойиҳаларини илгари суриш масалалари диққат марказида бўлди.
Давлат раҳбари Қатар амирини миллий байрам - Давлатга асос солинган кун билан самимий қутлади.
Кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мамлакатлар ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
"Суҳбат чоғида давлат раҳбарлари 2025 йилда бўлажак тадбирлар режасига, шу жумладан "Марказий Осиё - Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши" мулоқотининг иккинчи саммитини ўтказишга алоҳида эътибор қаратишди”, — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, шу йилнинг ноябрь ойида Доҳа шаҳрида Ҳукуматлараро комиссиянинг биринчи йиғилиши ва бизнес форуми самарали ўтди. Октябрь ойида Тошкент шаҳрида Қатар маданияти ҳафталиги тадбирлари муваффақиятли ташкил этилди.
Қатарнинг етакчи компаниялари иштирокида энергетика, транспорт ва туризм инфратузилмасини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва бошқа устувор йўналишларда инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. Пойтахтлар ўртасида мунтазам тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилгани ўзаро сайёҳлар оқимини оширишга хизмат қилмоқда.