Дунёда безгак касаллигига чалиниш ҳолатлари ошмоқда — ЖССТ

Ўтган йили дунё бўйича безгакка чалинганлар сони 263 миллион нафарни ташкил этган.
Sputnik
TOШКЕНТ, 14 дек — Sputnik. Дунёда безгак касаллигига чалиниш ҳолатлари ошмоқда. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг янги ҳисоботи дарак бермоқда.
Унга кўра, ўтган йили дунё бўйича безгакка чалинганлар сони 263 миллион нафарни ташкил этган. Экспертлар ушбу кўрсаткич 2022 йилга нисбатан 11 миллион нафарга ортганидан хавотирда.
Шунингдек, беморлардан 597 минг нафари ҳаётдан кўз юмган. Вафот этганларнинг катта қисми 5 ёшгача бўлган болалардир. Эпидемиядан асосан Африка минтақаси аҳолиси азият чекмоқда.
ЖССТ раҳбари Тедрос Гебрейесуснинг қайд этишича, замонавий тиббиёт ютуқлари ҳисобга олинса, ҳеч ким безгакдан ўлмаслиги керак. Ҳозир бунга қарши курашиш воситалари мавжуд. Бу борадаги профилактика, диагностика ва даволаш усуллари самарадорлиги ҳам юқори. Қолаверса, сўнгги йилларда безгакка қарши иккита вакцина яратилди. Эмлаш орқали ҳар йили ўн минглаб болаларнинг ҳаётини сақлаб қолиш мумкин.
Экспертлар инфекция ўчоқлари аниқланган мамлакатларга кўмак бериш йўли билан эпидемияни жиловлаш имкони бор, деган фикрда.
Дунёда сил билан касалланиш кескин ошди — ЖССТ