Қирғиз театри Тошкентда "Мовий қирғоғим" спектаклини намойиш этди

Спектакль буюк қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматов таваллуд куни муносабати билан намойиш этилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 13 дек — Sputnik. Қирғизистоннинг Олой театри 12 декабрь куни Тошкентдаги Ўзбек давлат драма театрида "Мовий қирғоғим" спектаклини намойиш этди.
Спектакль қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматовнинг "Соҳил бўйлаб чопаётган олапар" қиссаси асосида саҳналаштирилган.

"Биз бу ерга Ўзбекистоннинг энг кучли театрлари билан тажриба алмашгани келдик. Бугун Чингиз Айтматовнинг туғилган куни ва қирғиз адабиёти куни ва шу сабабли биз буюк адибнинг асари асосида яратилган "Мовий қирғоғим" спектаклини намойиш этмоқдамиз”, - деди Олой мусиқа драма театри директори Алимқул Исаков Sputnik мухбирига.

Мовий қирғоғим" спектакли
Ҳикоядаги воқеалар Узоқ Шарқ ўлкасидаги Охота денгизида содир бўлади. Кириск исмли ёш бола отаси, амакиси ва бобоси билан қайиқда балиқ овига чиқишади. Лекин кучли шамол ва қуюун уларни қирғоқдан нарига олиб кетади. Улар бир неча кун денгизда овқатсиз ва сувсиз адашиб қолишади. Ичишга сув оз қолганда, уни Кириск учун сақлаб қолиш мақсадида дастлаб бобоси, кейин амакиси ва отаси ўзларини денгизга ташлайди. Кириск қолган сувни ичиб омон қолади ва қирғоққа етиб олади.
Мовий қирғоғим" спектакли
Соҳил бўйлаб чопаётган Олапар,
Якка-ёлғиз қайтмоқдаман ёнингга —
Бобожоним Ўрхонсиз,
Отажоним Эмрайинсиз,
Оғажоним Милхунсиз,
Улар қайда қолди, сўрагил мендан,
Фақат аввал сув бергил, о, сув...

Бу Кирискнинг ўзи тўқиган кўшиқнинг дастлабки сатрлари эди. Бу энди унинг умрининг охиригача айтадиган қўшиқ бўлади... (асардан парча)