TOШКЕНТ, 12 дек — Sputnik. Ўзбекистон Бош консулхонаси ходимлари Россиянинг Приморск ўлкаси ҳукумати аъзолари билан музокара ўтказдилар, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА.
Учрашув Ўзбекистон президентининг 2024 йил 17 октябрдаги "Хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш жараёнларини тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида ташкил этилди.
Приморск ўлкаси қурилиш вазири Александр Москалев Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларни юксак баҳолади. У Ўзбекистондан Приморск ўлкасига келиб қурилиш соҳасида меҳнат фаолиятини амалга ошириб келаётган мигрантларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.
Приморск ўлкаси расмийларига кўра, ҳозирги вақтда ўлкадаги 28 та қурилиш корхоналари ва темир йўл қурилишида 1273 та бўш иш ўринлари бор.
Приморск ўлкаси губернатори ўринбосари Дмитрий Мариза билан кечган мулоқотда губернатор Олег Кожемяконинг Ўзбекистонга амалга оширган ташрифи чоғида эришилган келишувларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича ишларнинг бориши хусусида фикр алмашилди.
Томонлар, шунингдек, Ўзбекистон ҳудудлари ва Приморск ўлкаси ўртасида йўлга қўйилиши режалаштирилган ҳамкорликни жадаллаштириш масалаларини ҳам муҳокама қилдилар.