TOШКЕНТ, 11 дек — Sputnik. Ўзбекистонда Янги йил байрами икки ҳафта – 25 декабрдан 7 январгача давом этади. Бу даврда республиканинг бошқа вилоятларидан Тошкентда таҳсил олиш учун келган кўплаб талабалар ўз уйларига жўнаб кетишади. Уларга қулайлик яратиш мақсадида маҳаллий поездлар ва самолётларга 50% чегирма эълон қилинди.
"Uzbekistan Airways" ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасалари талабалари учун барча ички рейсларга чипталар нархини арзонлаштирди. Чегирма эконом класс тарифларига тааллуқли ва 23 декабрдан 7 январгача бўлган парвозлар учун амал қилади.
Масалан, Тошкент – Самарқанд рейси учун эконом классдаги чипта нархи 191 минг сўмдан 367 минг сўмгача бўлади. Шу билан бирга, авиакомпаниянинг аниқлик киритишича, 50% гача чегирма фақат йўловчилар учун йўл ҳақига тегишли.
Солиқлар, йиғимлар ва қўшимча тўловлар алоҳида тўланади. Чипталарни “Uzbekistan Airways Sales”нинг Тошкентдаги савдо офисларида ёки авиакомпаниянинг расмий сайтида харид қилиш мумкин.
Шунингдек, "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ талабалар учун поезд чипталарига 50% чегирма тақдим этади.
Бунда имтиёзли давр узоқроқ давом этади — 23 декабрдан 10 январгача. Чегирма СВ/VIP тоифали вагонлар ва “Афросиёб” тезюрар поездидан ташқари барча маҳаллий поездларга тааллуқли.
Чипталарнинг ўртача нархи чегирмани ҳисобга олган ҳолда 120 минг сўмдан бошланади. Чипталарни касса ёки компаниянинг расмий веб-сайтида харид қилиш мумкин.
Кассадан чипта сотиб олаётганда паспорт ва талабалик гувоҳномасини тақдим этиш керак бўлади.