TOШКЕНТ, 11 дек — Sputnik. Ўзбекистонликлар “суюнчи”, “тўёна”, “раҳмат” кабиларни фақатгина миннатдорлик, ҳурмат ва қўллаб-қувватлаш учун ихтиёрий тарзда беради. Бу Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ўтказилган тадқиқот давомида маълум бўлди.
Жамоатчилик коррупция ҳақида хабар беришга қай даражада тайёр эканини баҳолашга қаратилган тадқиқот ўтказилди.
Ушбу тадқиқотда иккита асосий илмий ёндашувдан фойдаланилди:
миқдорий – аҳолининг коррупция ҳақида хабар беришга бўлган муносабати бўйича компьютерлаштирилган телефон сўрови;
сифатли - мақсадли гуруҳ муҳокамалари.
“Миқдорий маълумотлар Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари аҳолиси орасида тўпланди. Сифатли маълумотларни йиғиш учун бешта асосий ҳудуд, жумладан, Қашқадарё, Навоий, Сирдарё ва Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳри белгиланди”, — дейилади хабарда.
Сўровноманинг миқдорий қисми Ўзбекистоннинг барча 14 ҳудудини қамраб олди ва унда 503 нафар респондент иштирок этди.
Сўровномада қамраб олинган республиканинг барча 14 та ҳудуди тенг равишда тақдим этилган бўлиб, респондентлар сони сезиларли даражада фарқ қилмайди.
Сўровларда кўпроқ 25 ёшдан 34 ёшгача бўлганлар иштирок этган.
“Респондентлар коррупция кенг тарқалган соҳалар сифатида соғлиқни сақлаш, таълим (айниқса, олий таълим) ва маҳаллий ҳокимиятни эътироф этдилар. Коррупциядан жиддий таъсир кўрсатувчи соҳалар: йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати (27,2% эркаклар, 18,4% аёллар), ички ишлар органлари (26,8% эркаклар, 18,8% аёллар), автомобил йўллари (21,6% эркаклар, 12,8% аёллар) ва қурилиш соҳаси (23,6% эркаклар, 13,2% аёллар)”, — дейилган тадқиқот натижаларида.
Қишлоқ аҳолиси шаҳар аҳолисига қараганда автомобил йўлларини энг коррупциялашган соҳа сифатида кўрсатган - мос равишда 22,2% ва 12,8%.
Коррупция ҳақида хабар беришга тайёрлик эркакларда (79,2%) аёлларга (70,4%) нисбатан бироз юқорироқ.
Сўралганларнинг ярми хабар бериш оқибатларидан қўрқишади. 13,8% фоизи эса, миннатдорчилик белгиси сифатида ўзлари хоҳлаб пул беради.
Тадқиқот натижаларига кўра:
Жамоатчилик кўпинча коррупцияни порахўрлик ва қариндош-уруғчилик деб тушунади.
50 фоиздан ортиқ респондентга кўра, коррупция — бу мансабни суиистеъмол қилиш ва қариндош-уруғчилик, 40 фоиздан камроғи учун эса қимматбаҳо совғалар беришдир.
Аксарият кишилар совға беришни коррупция эмас, балки миннатдорчилик деб билади.
Пора олиш (88,4 фоиз) ва пора бериш (68,4 фоиз) кўпчилик томонидан қораланади, аммо яхши хизмат учун кичик совғалар одатийдек қабул қилинади.
Респондентларнинг 74,0 фоизи коррупция ҳолатлари ҳақида хабар беришга, жумладан, 82,2 фоизи электрон платформа ёки мобил илова орқали хабар беришга тайёр.
12 фоиз респондент коррупция ҳақида хабар беришни салбий ҳолат деб ҳисоблайди.
Хабар бермасликнинг асосий сабаблари сифатида коррупциядан ўзлари манфаатдорлиги (19,8 фоиз) ва кимга мурожаат қилишни билмаслик (20,4 фоиз) қайд этган.
Сўралганларнинг ярми хабар бериш оқибатларидан қўрқади, 13,8 фоизи эса миннатдорчилик белгиси сифатида ўзи хоҳлаб пул беришини таъкидлади.
Респондентларга кўра, “суюнчи”, “тўёна”, “раҳмат” кабилар ҳам фақатгина миннатдорлик, ҳурмат ва қўллаб-қувватлаш учун ихтиёрий тарзда амалга оширилади.
64 фоиз респондент коррупцияга қарши курашувчи идораларга ишонади.
Шаҳар аҳолисининг оммавий ахборот воситаларига (қишлоқ аҳолисининг 13,7 фоизига нисбатан 20,3 фоиз) ва блогерларга (мос равишда 17,3 ва 14,1 фоиз) ишончи бироз юқори.
Қишлоқ аҳолиси Коррупцияга қарши курашиш агентлигига кўпроқ ишониш эҳтимоли мавжуд (шаҳар аҳолисининг 15 фоизига нисбатан 21,4%).
Маълумот учун, коррупцияга дуч келганда агентликнинг “колл-маркази” – 1253 ёки eanticor.uz платформаси орқали мурожаат қилиш мумкин.