Коррупцияга дуч келганда қандай йўл тутиш керак — Акмал Бурханов жавоби
© Strategy.uzАкмал Бурханов
Oбуна бўлиш
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори коррупция ҳақида билиш керак бўлган энг муҳим 4 та қоида ҳақида гапирди.
TOШКЕНТ, 10 дек — Sputnik. Коррупцияга дуч келганда қўрқмаслик керак. У коррупция бўладими ёки коррупция эҳтимоли бўладими, дарҳол чора кўра оладиган шахсга ёки идорага мурожаат қилиш керак. Бу ҳақда Ўзбекистон Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурханов ЎзАга маълум қилди.
“Қўрқмаслик керак. У коррупция бўладими ёки коррупция эҳтимоли бўладими, дарҳол чора кўра оладиган шахсга ёки идорага мурожаат қилиш керак. Агар бунга ишхонангизда дуч келган бўлсангиз, кадрлар бўлимига ёки ички хавфсизлик, комплаенс назорат ходимига ёхуд одоб-ахлоқ комиссиясига мурожаат қилиш керак”, — деди Бурханов.
Унинг қайд этишича, агар ишдан ташқари дуч келинса, унда Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг 1253 рақамли колл-марказига ёки прокуратурага мурожаат қилиш мумкин.
Шунингдек, ҳар бир вазирлик ва идорада ҳам коррупцияга дуч келса, мурожаат қилса бўладиган телеграм-ботлар, колл-марказлар ҳам ишга туширилган.
Агентлик директори коррупция ҳақида билиш керак бўлган энг муҳим нарсалар ҳақида ҳам гапирди.
Унинг айтишича, одамлар коррупция ҳақида 4 та нарсани билиши керак:
Биринчиси – бу коррупциянинг қанчалик жиддий муаммо, глобал иллат эканини, яъни унинг хавфлилик даражасини билишлари лозим. Яъни, бошқа жиноятлар, масалан, ҳаттоки одам ўлдириш жинояти оқибати бир шахс ёки бир оила учун кулфат келтирса, коррупция оқибатида бутун жамият, давлатга путур етиши мумкин. Коррупция ҳаттоки бир неча юз минглаб одамларнинг умрига зомин бўлиши ҳам мумкин.
Иккинчиси – одамларимиз коррупция ўзи нима экани, яъни коррупциянинг шаклларини билиши керак. Буларнинг асосийлари қайсилар? Бу, энг аввало, порахўрлик, яъни пора олиш ва пора бериш. Масалан, қайсидир ишни битириб бериш учун ёки камчилиги, хатосини яшириш учун ёки бўлмаса, бизда энг кўп тарқалганлардан бири – бу ишга кириш учун пора бериш ва пора олиш ҳисобланади.
“Яъна бир шакли – ноқонуний манфаат. Яъни, қандайдир манфаатга эга бўлиш учун хизмат ваколатидан фойдаланиш. Кейингиси – бу маблағларни талон-торож қилиш: бу бюджет маблағларини, яъни халқ пулини ўғирлаш ёки шахсий манфаатлар учун фойдаланиш”, — дея аниқлик киритди у.
Учинчиси – коррупциянинг оқибатини билиш керак. Асосан иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий оқибатини. Иқтисодий оқибат – бу, табиийки, давлатнинг иқтисодий ўсишдан тўхташи, бизнеснинг ривожланмаслиги, инвестициявий жозибадорлик йўқолишини келтириб чиқариши мумкин. Ижтимоий оқибат – бу фуқароларнинг давлат идораларига бўлган ишончининг камайишига олиб келади.
Тўртинчиси – ушбу иллатга қарши курашишда ҳар бир инсон ўзининг роли борлигини ҳис қилиши зарур. Яъни, бунда, ҳар бир инсон бефарқ бўлмаслиги, ҳуқуқбузарликлар ҳақида тегишли органларга хабар бериши, ҳалол инсонларни қўллаб-қувватлаган ҳолда, очиқлик ва шаффофлик, ҳисобдорликни оширишга қаратилган жараёнларда фаол иштирок этиши керак.
Унинг қўшимча қилишича, жамоатчилик коррупцияга қарши ташаббусларни қўллаб-қувватлаши учун уларнинг соҳадаги билимларини ошириш, ахборотга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш зарур.
Маълумот учун, 9 декбрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни.