Ўзбекистон ва Россия юк ташувчиларнинг тизимли муаммоларини ҳал этишга келишиб олди

Россия ҳудудида Ўзбекистон халқаро юк ташувчилари дуч келаётган муаммолар муҳокама этилди.
Sputnik
TOШКЕНТ, 11 дек — Sputnik. Ўзбекистон ва Россия чегара ўтказиш пунктларидаги тизимли муаммоларни биргаликда ҳал этишга келишиб олди, дея хабар берди Транспорт вазирлиги.
Транспорт ва логистикани ривожлантириш муаммоларини ўрганиш маркази раҳбарияти Россия Федерацияси Божхона хизматининг Ўзбекистондаги вакили билан учрашди.
Учрашувда икки томонлама ҳамкорлик масалалари ва Россия ҳудудида Ўзбекистон халқаро юк ташувчилари дуч келаётган муаммолар ва уларнинг ечми билан боғлиқ ҳолатлар муҳокама этилди.
“Латвияга экспорт юки (никель қотишмаларининг чиқиндилари ва парчалари) ташиётган Ўзбекистон автотранспорт воситаси жорий йилнинг 28 ноябрь кунидан бери Россиянинг "Убылинка" чегара ўтказиш пунктида ушлаб турилганлиги ҳолати юзасидан "Убылинка" божхона пости раҳбарияти билан мулоқот ўтказилиб вазиятга ойдинлик киритилди”, — дейилади хабарда.
Айтилишича, ташилаётган юк Федерал божхона хизматининг хавфларни бошқариш тизимида автоматик тарзда “хавф” кўрсатганлиги сабабли Божхона ходимлари ўрнатилган тартибда юкни кўздан кечирган ва намуна олиб махсус лабораторияга юборган.
Лабораториядан жавоб келмагунича автотранспорт воситасига ҳаракатини давом эттиришга рухсат берилмайди. Ушбу вазият бўйича автотранспорт воситаси ҳайдовчиси билан мулоқот ўтказилиб, ҳолат бўйича тушунтириш берилди.
“Ўзбекистон юк ташувчиларини Россия – Латвия чегара ўтказиш пунктларида ушлаб туриш, Россия ҳудудига киришда пломба қўйиб, Россиядан чиқишда пломбани ечиш ва яна юкларни мажбуран тушириб қайта кўрикдан ўтказиш билан боғлиқ ҳолатлар, "Красная горка", "Рудня" ва "Красный камень" чегара ўтказиш пунктларидаги чекловларни олиб ташлаш ва бошқа масалалар муҳокама этилди”, — дея қайд этилган хабарда.
Учрашув якунида томонлар тизимли муаммоларни биргаликда ҳал этиш бўйича чоралар кўришга келишиб олди.