Ўзбекистон ва ЕОИИ

ЕОИИ интернетдаги қароқчилик асосидаги контентларга қарши курашишни кучайтиради

ЕОИИ давлатлари интернет тармоғида интеллектуал мулк ҳуқуқларининг бузилишига қарши курашиш ёндашувлари тўғрисидаги битим лойиҳасини ишлаб чиқди.
Sputnik
TOШКЕНТ, 10 дек — Sputnik. Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) интернетдаги қароқчилик асосидаги контентларга қарши курашишни кучайтиради, дея хабар берди Евроосиё иқтисодий комиссияси (ЕИК) матбуот хизмати.
Иттифоқ интернет тармоғида интеллектуал мулк ҳуқуқларининг бузилишига қарши курашиш ёндашувлари тўғрисидаги битим лойиҳасини ишлаб чиқди. ЕИК Бизнесни ривожлантириш департаменти директори Ернар Бакеновнинг “Контрафактга қарши – 2024” халқаро форумида қайд этишича, мазкур ҳужжат ЕОИИ давлатлари билан биргаликда тайёрланган.
Унинг тушунтиришича, ҳужжатда ноқонуний контентни блокировка қилиш, ахборот ресурслари эгалари ва ахборот воситачиларига нисбатан жавобгарлик чоралари, шунингдек, блокланган ресурслар тўғрисида маълумот берувчи қидирув тизимларини тўхтатиш кўзда тутилган.

“Ишончим комилки, битимнинг амалга оширилиши интернетда қароқчилик асосидаги контентнинг тарқалишига қарши курашиш бўйича ўхшаш чора-тадбирлардан фойдаланишни таъминлайди, миллий муаллифлик ҳуқуқи эгаларига ўз асарларини ҳуқуқий платформаларга хавфсиз жойлаштириш ва тегишли даромад олиш имкониятини беради”, — деди Бакенов.

У ўз сўзида ЕОИИда ижодкорлик соҳаларини ривожлантириш, муаллифлик ва турдош ҳуқуқларни ҳимоя қилиш муҳимлигини ҳам қайд этди. ЕОИИ тўғрисидаги шартномада жамоавий ҳуқуқларни бошқариш ташкилотлари фаолиятини алоҳида халқаро шартнома билан тартибга солиш назарда тутилганини таъкидлади.