ТОШКЕНТ, 7 дек — Sputnik. Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги ҳамда ветеринария ва чорвачилик соҳаларида институтлар ташкил этилади. “Қишлоқ хўжалиги ҳамда ветеринария ва чорвачилик соҳалари кадрларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, қуйидагилар ташкил этилади:
Қишлоқ хўжалиги соҳаси кадрларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти;
Ветеринария ва чорвачилик соҳасида педагог ҳамда мутахассис кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти.
Уларда қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларини муваффақиятли тамомлаган тингловчиларга қатъий ҳисобда турадиган давлат намунасидаги ҳужжат ҳисобланадиган сертификат берилади.
2025 йил 1 январгача уларга нуфузли хорижий олий таълим ташкилотларини битирган ватандошлар ва чет эллик мутахассислар жалб қилинади.
Шунингдек, “Эл-юрт умиди” жамғармаси институтларнинг маҳаллий профессор-ўқитувчиларини жамғарма маблағлари ҳисобидан хорижий етакчи олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларига малака ошириш, стажировка ва ўқишга юбориш чораларини кўради.