ТОШКЕНТ, 7 дек — Sputnik. Ўзбекистонда Конституция қабул қилинганлигининг 32 йиллиги муносабати билан 483 нафар шахс афв этилди. “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги президент фармони қабул қилинди.
Фармонга кўра, жами 483 нафар шахс афв этилди, жумладан:
107 нафари жазодан тўлиқ озод қилинди;
275 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди;
7 нафарига тайинланган жазо енгилроқ жазо билан алмаштирилди.
Шунингдек, 94 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди.
Афв этилганларнинг 25 нафарини чет эл фуқаролари, 32 нафарини аёл, 5 нафарини 60 ёшдан ошган эркаклар, 274 нафарини ёшлар (шулардан, 104 нафари вояга етмаганлар) ҳамда 6 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади.
Фармон ижроси юзасидан афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун уларга кўмак бериш юзасидан масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилди.