ТОШКЕНТ, 7 дек — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев 7 декабрь куни Навоий вилоятида қўшимча имкониятларни ишга солиш, иш ўрни ва инвестицияни кўпайтириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Давлат раҳбарининг ўтган ойда вилоятга ташрифи чоғида иқтисодиётни янада ривожлантириш, қўшимча имкониятларни излаб топиш бўйича топшириқлар берилган эди. Йиғилишда шу асосида тайёрланган таклифлар кўриб чиқилди.
Кармана туманидаги кимё технопаркига туташ яйлов ерда янги саноат корхоналарини жойлаштириш мўлжалланмоқда. Инфратузилма ва хомашё борлиги боис у ерда келгуси йилнинг ўзида каолин, кварц, диоксид кремний, мато бўёғи лойиҳаларини бошлаш мумкин.
Хитойлик инвесторлар Хатирчи туманида кварц ва гранитни қазиб олиш ҳамда қайта ишлаш ташаббусини билдирган. Конимех, Навбаҳор ва Учқудуқ туманларида жойлашган 11 та фойдали қазилма майдони ҳам ўзлаштириш учун истиқболли.
“Айдаркўл” атрофидаги 150 гектарда меҳмонхона ва дам олиш масканлари барпо этилса, 10 минг нафаргача сайёҳларга хизмат кўрсатадиган лойиҳалар амалга оширилади, 200 та иш ўрни яратилади.
Нуротанинг Сентоб, Хатирчининг Лангар ва Ангидон қишлоқларида 200 та оилавий меҳмон уйи ташкил этилиши йилига 600 мингга яқин сайёҳларни жалб қилиш, 500 нафар аҳоли бандлигини таъминлаш имконини беради.
Шавкат Мирзиёев провел совещание по вопросам задействования дополнительных возможностей Навоийской области, увеличению занятости и наращиванию инвестиций
© Пресс-служба президента Узбекистана
Бу йилнинг ўтган даврида вилоятда 111 минг аҳоли ишга жойлаштирилган. 2025 йилда 140 минг аҳолининг бандлигини таъминлаш, 10 мингта оилани камбағалликдан чиқариш мақсад қилинган.
Йиғилишда Навоий вилояти ҳокими шу каби ресурсларни ишга солиш, 2025 йилда тармоқ корхоналаридан ташқари 2 миллиард доллар инвестиция жалб этиш, 320 миллион доллар экспортни таъминлаш бўйича режаларини тақдимот қилди.
Шавкат Мирзиёев провел совещание по вопросам задействования дополнительных возможностей Навоийской области, увеличению занятости и наращиванию инвестиций
© Пресс-служба президента Узбекистана
Лекин булар вилоят салоҳияти даражасида эмаслиги боис режаларни қайта кўриб чиқиш топширилди.
Янги лойиҳаларни кўпроқ Конимех, Нурота, Хатирчи ва Томди туманларида жойлаштириш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди. Ишсиз аҳолини замонавий касбларга ўқитиб, Ўзбекистонда ва чет элдаги юқори даромадли ишларга жойлаштириш вазифаси белгиланди. Иқтисодий имкониятлари кенг, шу билан бирга, аҳолиси нисбатан кўп бўлмаган Навоий вилоятини ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш мумкинлиги таъкидланди.