ТОШКЕНТ, 4 дек — Sputnik. Пекин шаҳрида Хитойда Ўзбекистон туризм йилининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар берди "Дунё" АА.
Тадбир мамлакат элчихонаси, Ўзбекистон Туризм қўмитаси, Хитой маданият ва туризм вазирлиги ҳамда Халқаро туризм ташкилоти (UNWTO) ҳамкорлигида ташкил этилди.
"Хитой маданият ва туризм вазири ўринбосари Лу Инчуань Ўзбекистон Хитой фуқаролари учун жозибали сайёҳлик масканига айланиб бораётганини таъкидлади. UNWTO бош котиби Зураб Поликашвили ўз нутқида Ўзбекистон юксак туризм салоҳиятига эга мамлакат эканлигини алоҳида қайд этиб, UNWTO сайёҳлик соҳасида Ўзбекистон билан яқиндан ҳамкорликни фаол давом эттиришини қайд этди", —дейилади хабарда.
Тадбир давомида, шунингдек, туризм ва инвестициялар бўйича бизнес-форум, тақдимотлар ва B2B учрашувлари ўтказилди.
Меҳмонлар эътиборига Ўзбекистон санъат усталари иштирокида концерт дастури намойиш этилди. Шунингдек, иштирокчиларга миллий таомлар улашилди.
Хитойда Ўзбекистон туризм йили доирасида Пекин, Шанхай, Гуанчжоу, Ханчжоу, Сиань, Тянцзинь, Шэньчжэнь, Чэнду ва бошқа кўплаб шаҳарларда турли маданий, туристик ва иқтисодий тадбирлар, медиатурлар, сайёҳлик компаниялари ташрифлари, Хитой оммавий ахборот воситаларида туркум мақола ва кўрсатувлар ташкил этилиши режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил 1 декабрь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ва Хитой ташқи ишлар вазири Ван И ўзаро визадан озод қилиш тўғрисидаги ҳукуматлараро битимни имзолашган. Битимга мувофиқ, Ўзбекистон ва Хитой фуқаролари икки давлат ҳудудларига кириш, ундан чиқиш ёки транзит қилиш учун 30 кунгача муддатга виза талабларидан озод қилинади. Мазкур халқаро шартнома томонлар зарур бўлган давлат ички тартиб-таомилларини бажарганидан сўнг кучга киради.