ТОШКЕНТ, 3 дек — Sputnik. Пандемиядан кейинги чекловлар сабабли Олимпия шаҳарчаси қурилиши учун зарур воситалар етказиш жараёнида узилишлар кузатилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси (МОҚ) маълум қилди.
Аввалроқ Осиё олимпия кенгаши (ООК) Ўзбекистон пойтахти Тошкентда ўтказилиши режалаштирилган Осиё ўйинлари кўчирилганини эълон қилди. Ўзбекистон МОҚ мазкур масала юзасидан расмий баёнот берди.
Қайд этилишича, ООК мутасаддилари Ўзбекистонга ташриф буюрган ва олиб борилаётган бунёдкорлик ишларига юқори баҳо берган.
“Тошкентда қурилаётган Олимпия шаҳарчаси фақатгина ёшлар Осиё ўйинлари учун эмас, мажмуани келгусида ўзбек спортининг тараққиётини янги босқичга олиб чиқадиган илмий-методик кластерга айлантириш кўзда тутилган. Унда замонавий спорт объектларидан ташқари Спорт вазирлиги, кўплаб федерация ва ассоциациялар, спорт академияси, спорт тиббиёти илмий-амалий маркази каби иншоотлар ҳам ўрин олиб, бу масканда терма жамоаларимизни тайёрлашдаги назария ва амалиёт бирлашади”, —дейилади хабарда.
Айтилишича, пандемиядан кейинги чекловлар сабабли Олимпия шаҳарчаси қурилиши учун зарур воситалар етказиш жараёнида узилишлар кузатилгани ва фойдаланишга топшириш муддати кечикишини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон томони ООКдан мусобақани яна бир йилга суришни сўради.
“Бироқ Олимпия спорт турларидаги беллашувлар келгусида Дакар-2026 ўсмирлар ёзги Олимпия ўйинларига саралаш вазифасини бажариши назарда тутилгани боис ООК III ёшлар Осиё ўйинлари 2025 йилда ташкил этилиши муҳимлигини билдирди”, — дея қайд этилган хабарда.
Шу туфайли, ООК III ёшлар Осиё ўйинлари мезбонлигини Баҳрайнга топширди ва Ўзбекистонга Ислом бирдамлиги ўйинлари ёки Жанг санъати ва ёпиқ иншоотлардаги Осиё ўйинлари каби катталар миқёсидаги йирик комплекс тадбирларни ўтказишга тайёргарлик кўришни тавсия қилди.
Қўшимча қилинишича, Олимпия шаҳарчасини барпо этиш, ундан унумли фойдаланиш ва унинг негизида спортни янги босқичга кўтариш бўйича президент томонидан берилган барча топшириқлар ижроси таъминланади ва келажакда бу мажмуа йирик спорт тадбирларини ўтказишга ҳар томонлама тайёр бўлади.