ТОШКЕНТ, 1 дек — Sputnik. "Турон" мактаб театри Туркияда "Руҳлар исёни" асари асосида саҳналаштирилган спектакль намойиш этди, дея хабар берди театр матбуот хизмати.
Таълим саёҳати доирасида “Турон мактаб театри” танловининг республика босқичи ғолиблари, Навоий вилоятининг Навоий шаҳар 11-сонли айрим фанлар чуқур ўрганиладиган ихтисослаштирилган мактаб ўқувчилари Истанбул шаҳрида Эркин Воҳидовнинг “Руҳлар исёни” спектаклини намойиш этди.
Мактабнинг Ибрат жамоаси аъзолари “Турксой” халқаро ташкилоти томонидан эътироф этилди ва ташаккурнома билан тақдирланди. Мазкур спектакль ва таълим дастури “Турксой” халқаро ташкилоти ҳамда Туркия Миллий таълим вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Тадбир давомида Ўзбекистон бош консули ва Туркия Таълим вазирлигининг Истанбул шаҳар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Булент Алаш ўртасида учрашув ўтказилди. Музокараларда икки давлат ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, шу жумладан, Истанбул шаҳрида ўзбек мактабини ташкил этиш ташаббуси муҳокама қилинди.