TOШКЕНТ, 30 ноя — Sputnik. 28 ноябрь куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Олимжон Абдуллаев Россиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Олег Мальгинов билан учрашди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Мулоқотда ташқи меҳнат миграциясини тартибга солиш, Ўзбекистон фуқароларининг хориждаги ҳимояси ва ҳуқуқларини таъминлашда Ташқи ишлар вазирлиги олдида турган вазифалар муҳокама қилинди.
Юқоридаги масалалар юзасидан фикр алмашилди ва Ўзбекистон фуқароларини Россия корхоналарига меҳнат фаолиятини ташкилий равишда жалб қилиш бўйича қўшма чора-тадбирлар тўғрисида бир қатор конструктив келишувларга эришилди. Россия томони Ўзбекистон фуқароларини Россияга ишлаш учун ташкилий равишда жўнатишдан манфаатдорлигини тасдиқлади.
Миграцияни тартибга солиш масалаларини муҳокама қилишда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги, Миграция агентлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Россия элчихонаси масъул ходимлари ўртасида ҳар ҳафта икки томонлама учрашувлар ўтказиш учун ишчи формат яратиш бўйича келишувга эришилди.