TOШКЕНТ, 28 ноя — Sputnik. Ноябрь-декабрь ойларида Ўзбекистонга 8,6 млрд доллар инвестиция келиши кутилмоқда. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтган хорижий инвестицияларни жалб қилиш ҳолати ва келгуси йилги режалар муҳокамаси бўйича йиғилишда маълум қилинди.
Критически проанализированы результаты в сфере инвестиций
© Пресс-служба президента Узбекистана
Ўтган 10 ойда мамлакатга 26 миллиард доллардан зиёд хорижий инвестиция киритилган. Бу – ўтган йилга нисбатан 1,7 баробар кўп. Шундан қарийб 24 миллиард доллари тўғридан тўғри сармоялардир.
Киритилган инвестициялар ҳисобига 6 минг 300 та корхона ишга тушган, улар 30 триллион сўмлик қўшилган қиймат яратган, экспорт 305 миллион долларга ошган. Энг муҳими, буларнинг натижасида 163 мингта юқори даромадли иш ўрни очилган.
“Ноябрь-декабрь ойларида яна 8,6 миллиард доллар инвестиция келиши кутилмоқда”, — дейилади хабарда.
Айтилишича, 8 та туман ва шаҳарда инвестиция кўрсаткичлари паст бўлган. Айрим тармоқларда ўтган йилга нисбатан камайган. Халқаро молия институтлари билан амалга оширилаётган баъзи лойиҳалар суст бормоқда. Хусусан, 17 та лойиҳада лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва тендер жараёнлари кечиккан.
Президент ҳудудларнинг инвестициявий фаоллигини янада ошириш, бу борадаги ёндашувларни тубдан ўзгартириш шартлигини кўрсатиб ўтди.
Инвестицияларнинг нафақат ҳажмини, балки сифатини ҳам ошириш зарурлиги айтилди. Яъни, жалб қилинган ҳар бир доллар саноатни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилиши лозим.
Йиғилишда халқаро молиявий институтлар ва хорижий давлатлардан маблағ жалб этиш ҳажмлари ва йўналишларини яна бир бор кўриб чиқиш вазифаси қўйилди.