Мухолифат, парламент назорати, янги вазифалар: Мирзиёев депутатлар билан учрашди
Ўзбекистон етакчиси сиёсий партияларнинг таклифларини қўллаб-қувватланди.
SputnikTOШКЕНТ, 18 ноя — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг сайловдан кейинги биринчи мажлисида нутқ сўзлади, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот котиби
Шерзод Асадов. Давлат раҳбари сўзининг аввалида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган депутатларни табриклади.
“Ўтган саккиз йиллик даврда халқимизнинг сиёсий тафаккури тубдан ўзгарди, сиёсий маданияти сезиларли даражада юксалди. Сиёсий партияларнинг жамият ҳаётидаги роли ва иштироки кучайди. Буларнинг барчаси аралаш сайлов тизимини жорий этишга мустаҳкам замин яратди. Кўплаб давлатларда бундай ислоҳотларни ўтказиш учун ўн йиллар керак бўлган. Шу маънода, Ўзбекистон аралаш сайлов тизимини қисқа фурсатда, дадил жорий этишга эришган кам сонли мамлакатлардан бири, дейишга муносибдир”, — деди Мирзиёев.
Сайловларни Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги каби 13 та нуфузли халқаро ташкилот, 40 дан зиёд давлатдан 850 нафар хорижий ва 65 мингдан зиёд маҳаллий кузатувчилар, оммавий ахборот воситаларининг мингдан ортиқ вакиллари кузатиб борди.
Президент улар томонидан билдирилган тавсияларнинг ҳар бири чуқур ўрганилиб, амалиётга татбиқ этиш чоралари кўрилиши таъкидлади.
Марказий сайлов комиссиясининг фаолияти сезиларли кучайгани, профессионал сайлов органлари ташкил этилгани сайловларнинг ҳаққоний руҳда ўтишида муҳим роль ўйнади.
“Сайловлар натижасида Қонунчилик палатаси таркиби қарийб 60 фоизга янгиланиб, 87 нафар янги депутат сайланди. Депутатларнинг 11 нафари 35 ёшгача, илк бор ёшлар парламентининг 2 нафар вакили Қонунчилик палатаси депутати этиб сайланди. Айниқса, депутатларнинг 38 фоизини аёллар ташкил этгани минтақадаги энг юқори кўрсаткичдир. Тарихимизда илк бор ногиронлиги бўлган фуқаромиз Қонунчилик палатаси депутати этиб сайланди. Бу – парламентимизни том маънода инклюзив органга айлантириш, ушбу қатлам манфаатларини янада кенг ифода этиш йўлида навбатдаги муҳим қадам бўлгани эътироф этилди”, — деди Ўзбекистон раҳбари.
Янги таркибда 63 нафар депутат қайта сайлангани эса парламент ишида узвийлик ва профессионализмни таъминлашга хизмат қилиши қайд этилди.
Қуйидаги таклифлар қўллаб-қувватланди:
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг хусусий мулк дахлсизлигини кучайтириш, тадбиркорлик муҳитини яхшилаш ҳақидаги таклифлари қўллаб-қувватланди.
Президент
“Миллий тикланиш” демократик партиясининг мактабларда муаллимларни танлов асосида ишга қабул қилиш, болаларни миллий қадриятлар руҳида тарбиялаш, уларга она тили ва чет тилларни ўргатиш учун янада кенг шароитлар яратишга оид таклифларига қўшилди.
Ўзбекистон Халқ-демократик партиясининг ногиронлиги бўлган шахслар учун шароитларни янада яхшилаш, аҳолининг пенсияга чиқишдаги кафолатли ҳуқуқларини янада мустаҳкамлаш бўйича ташаббусларини қўллаб-қувватлади.
“Адолат” социал-демократик партиясининг истироҳат боғлари, сайилгоҳ, хиёбонларни хусусийлаштиришни тақиқлаш бўйича позицияси, дорилар устидан назоратни кучайтириш, нархлар сунъий ошишини олдини олиш, рецептсиз дорилар рўйхатини қисқартириш бўйича интилишларини маъқуллади.
Экологик партиянинг давлат органлари ва корхоналар ҳудудида яшил боғлар ташкил этиш, экологик маданиятни юксалтириш бўйича дастур қабул қилиш ҳақидаги таклифлари қўллаб-қувватланди.
Келгуси беш йилда қуйи палата олдида улкан вазифалар тургани таъкидланди.
“Қуйи палатадаги 12 та қўмита ўрнида 10 та янгиланган қўмита ташкил қилинди. Илк бор парламентда Тадбиркорлик, рақобат ва саноат қўмитаси тузилгани мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилашга хизмат қилади. Энди палатадаги қўмиталар аъзолари билим ва тажрибасини тинимсиз ошириб, масъулиятни чуқур ҳис этиб, янада кўпроқ меҳнат қилишлари лозимлиги, пухта билим, профессионал малака, юксак фазилат ва тафаккурга эга бўлган депутатгина қуруқ гап ва популизмдан йироқ бўлиши кўрсатиб ўтилди”, — дея қайд этилган хабарда.
Ҳар бир қўмита қошида фуқаролик жамияти институтлари вакилларидан иборат жамоатчилик кенгашлари тузилса, яхши самара беришга ишонч билдирилди.
Президент таъкидлаганидек, парламент қўмиталари вазирликлар билан ишлашда улар билан яқиндан ҳамкорлик қилишга аҳамият бериши керак.
Энг катта камчилик – вазирликлар қуйи бўғинда, айниқса, туман ва шаҳар даражасида самарали иш ташкил эта олмаяпти. Энди аҳоли билан бевосита мулоқот қилиб, одамларни қийнаётган муаммоларни жойида ҳал этиш улар учун бош вазифа бўлиши керак. Бундан буён ҳар бир раҳбар ва мутасадди фаолиятига айнан шу мезон асосида баҳо берилади.
“Президент депутатларни ваколатлари доирасида ўз округларидаги туман ва шаҳар даражасида сўров ва талабни ҳеч тортинмасдан кучайтиришга чақирди”, — дейилади хабарда.
Айтилишича, Ўзбекистонда аҳоли сони йилига қарийб 1 миллионга ошмоқда. Бу янги уй-жойларни кўпайтиришни тақозо этмоқда. Лекин деҳқончилик учун зарур ерлар уй-жой қуришга бериб юбораверилса, эртага қаерга экин экамиз, озиқ-овқат хавфсизлиги нима бўлади, деган саволлар долзарб бўлиб бормоқда.
“Шу боис, аҳоли ва кенг жамоатчиликнинг фикрини ўрганиб, эскирган уйлар ўрнида замонавий кўп қаватли уй-жойлар қуриш учун “Реновация тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш кераклиги таъкидланди”, — дейилган хабарда.
Таъкидланишича сўнгги пайтларда уй-жой қуриб беришни ваъда қилган қурувчи ва унга ишониб сармоя киритган аҳоли ўртасида низолар учрамоқда. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида фуқароларнинг уй-жой қурилишига жалб этилган маблағларини кафолатли ҳимоя қилишга қаратилган қонунни қабул қилиш лозимлиги қайд этилди.
Президент тиббий хизматлар сифатини ошириш, ажратилаётган маблағлар ўз эгасига етиб боришини таъминлаш учун мажбурий тиббий суғурта тизимини албатта қонун билан мустаҳкамлаб қўйиш вақти келганини таъкидлади.
“Хусусий мактаб ва боғча қураман”, деган инвесторларни қўллаб-қувватлаш, уларга янада кенг шароитларни яратиб бериш масалаларига эътибор бериш лозим.
Молиявий технологиялар, рақамли “маркет-плейс”лар, “веб-сервис”, “бонд омборлари” каби янги тижорат майдонлари кундалик ҳаётимизга жадал кириб келмоқда. Шу нуқтаи назардан, франчайзинг, капитал бозори, “стартап”лар соҳасидаги муносабатларнинг қонуний асосларини яратиш зарурлиги таъкидланди.
Бундан ташқари, сунъий интеллектни қўллаш орқали юзага келадиган муносабатларни тартибга солишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратиш жуда муҳимлиги айтилди.
Келгуси йилда илк бор электр энергияси онлайн улгуржи бозори ишга тушади. Шу боис иқтисодий барқарорликни таъминлашга хизмат қиладиган бу соҳада бозор механизмларини жорий қилишнинг ҳуқуқий асосларини яратишни тезлаштириш зарурлиги таъкидланди.
“Янги даврда парламент чинакам халқ уйи, унинг қуйи палатаси эса ғоялар генераторига, соғлом рақобат, баҳс ва мунозаралар майдонига айланиши керак”, — деди президент.
Президент парламентда мухолифатни жонлантириш зарурлигини айтди.
“Бунинг учун парламентдаги мухолифатга кафолатланган ҳуқуқлари сонини 3 тадан 6 тага ошириш, 1 нафар қўмита раиси ва 2 нафар қўмита раиси ўринбосари лавозимларини кафолатли эгаллаш, ҳар чоракда “Ҳукумат соати” ва парламент сўрови доирасида камида биттадан масала киритиш каби қўшимча ҳуқуқлар беришни таклиф қилди”, — дейилади хабарда.
Сайловлардаги соғлом рақобат, мухолиф фикрлар кураши парламентга кўчиб ўтса, бу албатта халқ манфаатларига мос қонунлар ишлаб чиқилишига хизмат қилишига ишонч билдирилди.
Қуйидаги таклифлар билдирилди:
Ҳозирги вақтда биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларнинг харажатлари устидан парламент назорати деярли сезилмаётгани, янги сайланган депутатлар ушбу масалага алоҳида ёндашишлари зарурлиги қайд этилди.
Президент инвестиция дастурларини тайёрлашда депутатлар ҳам албатта иштирок этадиган, уларнинг фикри инобатга олинадиган тизим яратиш ташаббусини илгари сурди.
Бундан ташқари, туман ва шаҳарларнинг молиявий имкониятларини ошириш мақсадида келгуси йилдан ер, мол-мулк ва айланма солиқларини тўлиқ, даромад солиғининг эса камида 50 фоизини туман ва шаҳарнинг ўзида қолдириш таклиф этилди.
Фуқароларнинг ташаббусларини фаол қўллаб-қувватлаш мақсадида президент Қонунчилик палатаси ҳузурида Жамоавий ташаббуслар бўйича парламент комиссиясини ташкил этишни таклиф қилди.
Халқаро парламентлараро алоқаларни янада ривожлантириш мақсадида қуйи палатада қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилоти битимларига уйғунлаштириш ҳамда иқлим ўзгариши оқибатларини камайтириш ва “яшил” иқтисодиётга ўтишни тезлаштириш масалалари бўйича парламент комиссиялари ташкил этишни таклиф қилинди.
Янги тузилаётган парламент комиссияси ташаббусни қўлга олиб, қонунларни Жаҳон савдо ташкилоти қоидаларига тўлиқ мослаштиришни келгуси йилда якунига етказишига ишонч билдирилди.
“Ўттиз етти миллиондан ортиқ аҳолига эга бўлган Ўзбекистондек катта давлатнинг парламенти аъзоси бўлиш, шубҳасиз, ҳар бир депутат учун улкан шарафдир. Айни вақтда халқимизнинг ҳурмат ва эътиборини, орзу-умидларини ҳар куни, ҳар дақиқада ҳис этиб, ана шу юксак ишончга муносиб меҳнат қилиш – беқиёс масъулият. “Депутат – бу халқ хизматчиси, барчага ўрнак бўладиган, сиёсий билими ва онги юксак, ўз Ватанини чин дилдан севадиган инсондир”, — деди президент.