Ўзбекистондаги уй-жой бозори савдоларида бироз ўсиш кузатилди

Тошкент ва Жиззах вилоятларида уй-жой сотувларида ўсиш, Қорақалпоғистонда эса фаоллик кузатилди.
Sputnik
TOШКЕНТ, 13 ноя — Sputnik. Октябрь ойида Ўзбекистон уй-жой бозори савдоларида бироз ўсиш кузатилиб, сўнгги икки ойдаги пасайиш тўхтади. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази хабар берди.
Қайд этилишича, Тошкент ва Жиззах вилоятларида уй-жой сотувларида ўсиш, Қорақалпоғистонда эса фаоллик кузатилди. Иккиламчи бозорда нархларда катта ўзгариш кузатилмади. Натижада уй-жой ижара бозоридаги вазият ҳам барқарорлашди.
Демак, октябрь ойида кўчмас мулк бозорида ижобий динамика кузатилди. Рўйхатга олинган кўчмас мулк олди-сотди битимлари сони сентябрь ойига нисбатан 0,6% га ошиб, 21,4 мингтани ташкил этди. Кўчмас мулк бозоридаги фаоллик йилига 2% ўсиши, уй-жой бозордаги фаоллик қайта тикланишини кўрсатмоқда.

Ҳудудий динамика

Кўчмас мулк бозорининг ҳудудлар кесимидаги динамикаси Тошкент вилоятида (+10%) сезиларли ўсиб, Қорақалпоғистон Республикаси (+8,1%) ва Жиззах вилоятида (+7,5%) ҳам ижобий тенденция қайд этилди.
“10 ойлик маълумотларга кўра, олтита ҳудудда фаоллик пасайган, энг катта пасайиш Хоразм, Сурхондарё ва Наманган вилоятларида кузатилган”, — дейилади хабарда.

Иккиламчи бозордаги уй жой нархлари

Республика бўйича иккиламчи уй-жойлар бозори нархлари деярли ўзгармади (0,1% га ўсиш). Ой давомида иккиламчи кўчмас мулк бозорида энг катта ўсиш Андижон - 5,1% ва Сирдарё - 3,3% вилоятларида қайд этилди.
Еттита ҳудудда иккиламчи уй-жой нархининг пасайиши кузатилган бўлса, энг катта пасайиш Наманган – 3,4%, Хоразм – 3,2% ва Самарқанд – 2,5% вилоятларига тўғри келди.
Иккиламчи уй-жойларнинг энг мақбул нархи Қорақалпоғистон Республикасида кузатилди, бу ерда квадрат метр учун ўртача нарх 328 долларни ташкил этади.
Иккиламчи уй-жойларнинг энг юқори нархи Тошкент шаҳрида қайд этилган бўлиб, квадрат метр учун ўртача 1100 долларни ташкил этди. Пойтахтнинг Бектемир - 3,9% ва Яшнобод - 3,1% туманларида сезиларли пасайиш қайд этилди.
Умуман олганда, республика бўйича иккиламчи бозорда бир квадрат метр уй-жойнинг ўртача қиймати йил давомида 6,5% ошган бўлса, Тошкент шаҳрида шу даврда 1,3% пасайиш кузатилди.

Уй-жой ижара бозори

Тошкентда уй-жой ижара нархлари барқарорлашуви давом этди. Ўртача ижара нархи ўтган ойга нисбатан ўзгармаган – 1 кв. м. учун 8,3 доллар.
Ой давомида пойтахтнинг 14 та марказий туманларидан 5 тасида уй-жой ижараси нархи пасайди. Энг катта пасайиш Сергели ва Учтепа туманларида кузатилиб, бу туманларда ижара нархи ўртача 4,5% камайди.
Миробод, Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида ижара нархи юқорилигича қолмоқда, бу туманларда ижара нархи бир квадрат метр учун ўртача 10-11 долларни ташкил этади.
Шу билан бирга, энг арзон уй-жой ижараси Бектемир ва Сергели туманларида кузатилмоқда, бу туманларда ижара нархи бир квадрат метр учун ўртача 6 долларни ташкил этади.
Умуман олганда, Тошкент шаҳрида йил давомида уй-жой ижараси 12%дан кўпроқ камайди. Энг катта пасайиш Яшнобод - 18%, Сергели - 17% ва Мирзо-Улуғбек - 15,2% туманларида қайд этилди.