TOШКЕНТ, 12 ноя — Sputnik. Сирдарё вилояти ҳокимлиги вакиллари Мисрнинг "Bell Energy" компанияси директорлар кенгаши раиси Хайсам Ҳусайн билан онлайн музокаралар ўтказди, дея хабар берди “Дунё” АА.
Мисрлик тадбиркор Ўзбекистоннинг турли тармоқларида амалга оширилаётган лойиҳаларда пудратчи ва инвестор сифатида иштирок этишдан манфаатдор.
Учрашувда ҳамкорликнинг мумкин бўлган йўналишлари, хусусан, энергетика, сув хўжалиги, қишлоқ, геология, фармацевтика, савдо, заргарлик, асаларичилик ва бошқа йўналишлар муҳокама қилинди.
Инвесторга Сирдарё вилоятининг сармоявий ва экспорт салоҳияти, имкониятлари ҳақида маълумот берилди. Вилоятда қишлоқ хўжалиги соҳаси кенг ривожланаётганини инобатга олган ҳолда, қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш имкониятлари юзасидан фикр ва маълумотлар алмашилди.
Бу ҳудудда етиштирилган маҳсулотларни Мисрга экспорт қилиш ҳажмини оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, буғдой ва ун, мева-сабзавот, дуккакли ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди.