Шавкат Мирзиёев Бокуда: президент қандай тадбирларда иштирок этади?

Президент хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари билан бир қатор учрашувлар ўтказади.
Sputnik
TOШКЕНТ, 12 ноя — Sputnik. Ўзбекистон етакчиси Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Иқлим ўзгариши тўғрисидаги ҳадли конвенцияси Томонлари конференциясининг 29-сессияси (COP29) тадбирларида иштирок этади, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

“Мамлакатимиз президенти, шунингдек, хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари билан бир қатор учрашувлар ўтказади”, — дейилади хабарда.

COP29 доирасида делегация томонидан ерларнинг таназзулга учраши ва чўлланишга қарши курашиш, экологик таълимни ривожлантириш ҳамда иқлим кун тартибини илгари суришда ёшларнинг ўрнига бағишланган юқори даражадаги тадбирлар ўтказилади.
Ўзбекистон Республикасининг махсус ташкил этилган миллий павильонида Оролбўйи минтақасининг ижтимоий-экологик муаммоларини ҳал этиш, "яшил" иқтисодиётни ривожлантириш, қайта тикланувчи энергия ва сув тежовчи технологияларни жорий қилиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, биохилма-хилликни асраш ва бошқа йўналишларда 20 тадан ортиқ қўшимча тадбир ўтказилиши режалаштирилган.
Маълумот учун, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Озарбайжон Республикаси президенти Илҳом Алиевнинг таклифига биноан амалий ташриф билан Боку шаҳрида бўлиб турибди. Ҳайдар Алиев номидаги халқаро аэропортда давлат раҳбарини Озарбайжон иқтисодиёт вазири Микойил Жабборов ва бошқа расмий шахслар кутиб олган.