ТОШКЕНТ, 11 ноя — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ар-Риёд шаҳрида ўтказилаётган навбатдан ташқари араб-ислом саммити доирасида Саудия Арабистони энергетика вазири шаҳзода Абдулазиз бин Салмон Ол Саудни қабул қилди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Қайд этилишича, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва "яшил" энергетика соҳасида амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Давлат раҳбари Ўзбекистон энергетика соҳасини тўғридан-тўғри инвестициялар ва илғор технологиялар асосида модернизация қилишда фаол иштирок этаётган етакчи "ACWA Power" компанияси билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилганини алоҳида мамнуният билан таъкидлади.
Ўзбекистон ҳудудларида шамол ва қуёш электр станцияларини қуриш, шунингдек, "яшил" водород ишлаб чиқариш лойиҳаларини тезлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистонда маҳаллийлаштириш ва корхоналар энергия самарадорлигини ошириш жараёнларига Саудия Арабистони компаниялари ва маслаҳатчиларини жалб этиш юзасидан келишувга эришилди.
Эслатиб ўтамиз, бугун Ўзбекистон етакчиси навбатдан ташқари Араб-ислом саммитида иштирок этади. Тадбир кун тартибига мувофиқ, Ғазо ва Ливандаги кескинликни тез фурсатда камайтириш, можарони сиёсий-дипломатик йўл билан ҳал этиш масалалари кўриб чиқилади.