ТОШКЕНТ, 9 ноя — Sputnik. Россия президенти Владимир Путин Кветта шаҳридаги теракт муносабати билан Покистон президенти Асиф Али Зардорий ва бош вазир Шеҳбаз Шарифга ҳамдардлик телеграммаси йўллади. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.
“Қурбонлар орасида аёллар ва болалар бўлган бу ваҳший жиноятни кескин қоралаймиз. Умид қиламизки, унинг ташкилотчилари ўзларига муносиб жазони оладилар”, — дейилади хабарда.
Путинга кўра, Россия терроризмнинг барча кўринишларига қарши курашда покистонлик ҳамкорлари билан яқин ҳамкорликни давом эттириш ниятида.
Путин қурбонларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирган ва барча ярадорларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилаган.
Кветта темир йўл вокзалида бугун маҳаллий вақт билан соат 08:25 атрофида, “Jaffer Express” поезди Пешоварга жўнаб кетишидан бироз олдин портлаш содир бўлди. Худкуш террорчи вокзалга багаж билан кириб, одатда кўп одамлар тўпланадиган касса яқинида теракт содир этди. Охирги маълумотларга кўра, 24 киши ҳалок бўлган, яна 46 киши яраланган.
Расмийларга кўра, масъулиятни тақиқланган ҳарбийлаштирилган "Белужистон озодлик армияси" гуруҳи ўз зиммасига олган.