ИТБнинг Ўзбекистон учун 2026 йилдаги инвестициялар ҳажми маълум қилинди

Томонлар ИТБнинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон бўйича мамлакат стратегияси бандларини ижро этиш жараёнини кўриб чиқишди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 7 ноя — Sputnik. Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Ислом тараққиёт банки (ИТБ) президенти Муҳаммад ал-Жассир билан онлайн музокаралар ўтказди, дея хабар берди вазирлик матбуот хизмати.
Томонлар ИТБнинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон бўйича мамлакат стратегияси бандларини ижро этиш жараёнини кўриб чиқишди.
“Жалб қилинган инвестициялар ҳажми белгиланган режаларга тўғри келади ва 2026 йил якуни бўйича 1,2 миллиард долларлик умумий кўрсаткичнинг 50 фоизини ташкил этади”, — дейилади хабарда.
Шу билан бирга, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш бўйича лойиҳалар ИТБ ITFCнинг шўъба корхонаси – Халқаро Ислом савдо ва молия корпорацияси томонидан муддатидан икки йил олдин амалга оширилмоқда ва бугунга келиб умумий ҳажмнинг 90 фоизини ташкил этади.
Энергетика, транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, ирригация ва сув ресурсларини бошқариш, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида ДХШ тамойиллари бўйича биргаликда шакллантирилган янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича навбатдаги тадбирлар муҳокама қилинди.
ИТБ раҳбарияти лойиҳаларни, жумладан, “яшил” иқтисодиётга ўтиш доирасида инновациялар ва технологик модернизацияга қўшимча маблағлар ажратиш орқали келгусида ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.