Келаси йилдан термит ва бошқа ҳашоратлардан зарарланган уй-жойлар аниқланади — янги қарор

Ариза берувчига берилган хулоса келгусида уни белгиланган тартибда уй-жой билан таъминлаш учун асос ҳисобланади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 5 ноя — Sputnik. Келаси йилдан бошлаб Давлат хизматлари маркази ва Ягона интерактив давлат хизматлари партали орқали термит ва бошқа ҳашоратлардан зарарланган уй-жойлар ҳақида мурожаатлар юбориш мумкин бўлади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган тегишли қарорда назарда тутилган.
Мурожаатлар туманлар (шаҳар) ҳокимликлари томонидан тузилган Термит ва бошқа ҳашоратлардан зарарланган уй-жойларни аниқлаш комиссияси томонидан ўрганилади.
Комиссия 7 иш куни давомида сўровномани кўриб чиқиб, уй-жой жойлашган ҳудудга чиққан ҳолда аниқлаш ишларини олиб боради:
уй-жойнинг зарарланганлик даражаси;
зарарланганлик натижасида уй-жойнинг техник ҳолати;
зарарланганлик натижасида уй-жойда яшаш имконияти мавжудлиги;
зарарланганлик натижасида уй-жойни яроқсиз ҳолатга келганлиги.
Агар ўрганиш натижасида уй-жойнинг яроқсиз ҳолатга келганлиги тасдиқланса, хабарнома қўшимча равишда тегишлича Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари уй-жойни яшашга мўлжалланмаган жойлар тоифасига ўтказиш ҳамда уй-жой фондидан чиқариш масаласини кўриб чиқади.
Давлат хизматлари маркази хулоса келиб тушгандан сўнг 10 дақиқа мобайнида уни ариза берувчининг электрон манзилига юборади ва бу ҳақда ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилади.
Ариза берувчи шахсан келиб мурожаат этган бўлса, унда хулоса электрон шакилда ёки қоғоз шаклда берилади.
Ариза берувчига берилган хулоса келгусида уни белгиланган тартибда уй-жой билан таъминлаш учун асос ҳисобланади.
Янги хавф: Термит чумолилари улкан зарар келтирмоқда