TOШКЕНТ, 5 ноя — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг таклифига биноан Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этиш учун 5-6 ноябрь кунлари амалий ташриф билан Бишкек шаҳрида бўлади, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Саммит кун тартибидан ташкилот доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари ўрин олган.
“Ҳар доимгидек, сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш, ишбилармонлик алоқаларини рағбатлантириш, маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш вазифалари эътибор марказида бўлади”, — дейилади хабарда.
Етакчилар халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашишади.
Йиғилиш якунида қатор қўшма қарор ва ҳужжатлар, жумладан, Ўзбекистон ташаббуси билан ишлаб чиқилган Туркий дунё Хартияси қабул қилиниши кўзда тутилган.