Ҳудудлардаги электр тармоқлари бошқарувига хусусий операторлар жалб қилинади

Мирзиёев электр энергетикаси соҳасини трансформация қилиш, ҳудудлардаги электр тармоқлари бошқарувига хусусий операторларни жалб қилиш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 5 ноя — Sputnik. Келгуси йилда Самарқанд, Жиззах ва Сирдарёдаги электр тармоқлари бошқарувига хусусий операторларни жалб этиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтган йиғилишда маълум қилинди.
Мирзиёев электр энергетикаси соҳасини трансформация қилиш, ҳудудлардаги электр тармоқлари бошқарувига хусусий операторларни жалб қилиш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.
Айтилишича, электр энергияси ишлаб чиқариш, узатиш ва тақсимлаш жараёнлари алоҳида компанияларга ажратилиб, инвестиция учун имкониятлар яратилди. Охирги беш йилда электр энергияси ишлаб чиқаришга 4 миллиард 300 миллион доллар инвестиция кириб келди, 5,7 гигаватт янги қувватлар яратилди.
Тармоқдаги 4 та корхона – “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари”, “Ҳудудий электр тармоқлари”, “Иссиқлик электр станциялари” ҳамда “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамиятлари халқаро кредит рейтингини олишга эришди.
Қайд этилишича, эндиги улар трансформация орқали рақобатбардош компанияларга айланиши керак.
Ҳар бир энергетика корхонасининг биринчи галдаги вазифаси таннархни камайтириш экани таъкидланди. Бунга лойиҳаларни мақбуллаштириш, йўқотишларни камайтириш ва харидларни такомиллаштириш орқали эришиш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.

“Тақсимлаш тармоқларини хусусий шериклик асосида инвесторларга бериб, уларни модернизация қилишга 4 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш мумкин. Шу мақсадда келгуси йилда Самарқанд, Жиззах ва Сирдарёдаги тармоқлар бошқарувига хусусий операторларни жалб этиш режалаштирилмоқда”, — дейилади хабарда.

Келгуси йил энергетика корхоналари учун тежамкорлик ва самарадорлик йили бўлиши қатъий белгиланди. Тармоқ компанияларини қуйи бўғингача трансформация қилиш ва рақамлаштириш вазифаси қўйилди.
Қуёш ва шамол электр станциялари қанча электр энергияси ишлаб чиқармоқда — вазирлик жавоби