ТОШКЕНТ, 31 окт — Sputnik. Тошкентда Н.П. Бочков номидаги Тиббий-генетика илмий маркази филиали очилди. Бу ҳақда Тошкентда бўлиб ўтган камёб (орфан) касалликларни даволашга бағишланган “Чегара билмас ҳамдўстлик” халқаро форумида маълум қилинди, дея хабар берди Sputnik Ўзбекистон мухбири.
"Н.П. Бочков номидаги тиббий-генетик илмий маркази" федерал давлат бюджет илмий муассасаси директори, Россия тиббий генетиклар ассоциацияси президенти Сергей Куцевнинг сўзларига кўра, ушбу филиал Инсон иммунологияси ва геномикаси институти базасида фаолият кўрсатади.
"Филиалнинг фаолияти қўшма илмий тадқиқотлар ўтказиш, беморларга маслаҳат бериш ва таълимий ҳамкорлик тадбирларини ташкил этишга қаратилган", — деди Куцев.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фанлар академиясининг Иммунология ва инсон геномикаси институти ҳамда Россиянинг “Академик Н.П. Бочков номидаги тиббий-генетик илмий маркази” Федерал давлат бюджети илмий муассасаси ўртасида битим имзоланганди. Ҳужжат Ўзбекистонда Тошкент тиббий-генетик илмий маркази - "Академик Н.П. Бочков номидаги тиббий-генетик илмий маркази” Федерал давлат бюджети илмий муассасасининг бўлинмасини ташкил этишни назарда тутади.