Исроил-Фаластин можароси

Исроил мамлакатда фаластинлик қочқинларга ёрдам беришни тақиқлади

Исроил мамлакатда UNRWA фаолиятини тақиқловчи қонун лойиҳасини маъқуллади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 29 окт — Sputnik. Исроил Кнессети (парламенти) Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг (БМТ) Фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш ва иш олиб бориш агентлигининг (UNRWA) Исроилдаги фаолиятини тақиқлашга қаратилган қонун лойиҳасини маъқуллади. Бу ҳақда РИА Новости "Jerusalem Post" нашрига таяниб хабар берди.
Қайд этилишича, 26 октябрь куни Исроил парламентининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик комиссияси мамлакатда UNRWA фаолиятини тақиқловчи қонун лойиҳасини маъқуллади.
Исроил БМТ агентлиги ходимларининг Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати билан алоқаси борлигини бир неча бор таъкидлаган.
“Исроил Кнессет Пленуми Исроил назорати остидаги ҳудудда UNRWA фаолиятини блокировка қилишга қаратилган иккита қонун лойиҳаси бўйича якуний овоз беришни маъқуллади”, — деб ёзади нашр.
Қайд этилишича, қонун лойиҳалари 92 овоз, 10 тага қарши овоз билан қабул қилинди. Аввалроқ Канада, Австралия, Франция, Германия, Япония, Корея Республикаси ва Буюк Британия каби қатор давлатлар Исроилда UNRWA фаолиятини тақиқлашга қарши чиққан эди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш агентлиги (UNRWA) раҳбари Филипп Лаззарини Исроил парламентининг мамлакатда UNRWA фаолиятини тақиқлаш ҳақидаги қарорини “жамоавий жазо” деб атади. Бу БМТ Низомига зид эканлигини ва "фаластинликлар азобининг янада оғирлашишига" олиб келишини эълон қилди.
“Исроил парламентининг (Кнессет) бугун кечқурун UNRWAга қарши овоз бериш... хавфли прецедентни ўрнатди. Бу Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низомига зид ва Исроил давлатининг халқаро ҳуқуқ бўйича мажбуриятларини бузади... Бу қонун лойиҳалари фаластинликларнинг, айниқса, бир йилдан ортиқ вақтдан бери мутлақ жаҳаннамни бошидан кечираётган Ғазодаги азоб-уқубатларни янада кучайтиради. Улар 650 мингдан ортиқ қиз ва ўғил болаларни таълимдан маҳрум қилади ва болаларнинг бутун бир авлодини хавф остига қўяди. Бу қонун лойиҳалари... жамоавий жазодан бошқа нарса эмас”, — дейилади Лаззаринининг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.
Агентлик раҳбари таъкидлаганидек, Кнессетнинг қарори "UNRWAни обрўсизлантириш бўйича давом этаётган кампанияда" яна бир қадамдир.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) раҳбари Тедрос Адҳаном Гебрейесуснинг фикрича, Исроил парламентининг БМТнинг Яқин Шарқдаги UNRWA фаолиятини тақиқлаши “ҳалокатли оқибатларга” олиб келади.

“UNRWA БМТга аъзо давлатлар томонидан тузилган. Исроил парламентининг UNRWAнинг миллионлаб фаластинликларнинг ҳаётини сақлаб қолиш ва соғлиғини ҳимоя қилиш бўйича фаолиятини амалга оширишини тақиқлаш ҳақидаги ҳозирги қарори ҳалокатли оқибатларга олиб келади. Бу қабул қилиниши мумкин эмас", — деб ёзди ЖССТ раҳбари ижтимоий тармоқдаги Х саҳифасида.

Унинг қайд этишича, бу Исроилнинг мажбуриятлари ва масъулиятига зиддир ва UNRWAга қарам бўлганларнинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солади.
Исроил-Фаластин можароси
Фаластин Россиянинг “Яқин Шарқ тўртлиги”ни кенгайтириш таклифини қўллаб-қувватлади