"Қонунчилик палатасига сайловда ягона сайлов округи бўйича овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг камида 7 фоиз овозини олган сиёсий партия белгиланган тартибда мандатга эга бўлади. Дастлабки маълумотларга кўра, ягона сайлов округи бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ЎзЛиДеП 5 млн 194 41 та ёки 34,75% овоз тўплади. Ва тақсимотга кўра 26 та депутатлик ўрнига эга бўлди", — деди МСК раиси.
"Ўзбекистон “Миллий тикланиш” партияси 2 млн 812 493 овоз тўплади ва 14 та депутатлик ўрнига эга бўлди. Ўзбекистон Экологик партияси 1 млн 960 минг 764 та овоз тўплади ва 10 та депутатлик ўрнига эга бўлди. Ўзбекистон Халқ демократик партияси 2 млн 558 минг 16 та овоз тўплади ва 13 та депутатлик ўрнига эга бўлди. “Адолат” социал-демократик партияси 2 млн 420 минг 850 та овоз тўплади ва 12 та депутатлик ўрнига эга бўлди", — дея аниқлик киритди Низомхўжаев.
"Бир мандатли сайлов округлари бўйича Қонунчилик палатасига сайланган 75 нафар депутатлар таркибининг партиявийлик мансублиги бўйича ЎзЛиДеП – 38 нафар, “Миллий тикланиш” демократик партияси – 15 нафар, Халқ демократик партияси – 7 та нафар, “Адолат” социал-демократик партияси – 9 та нафар, Экологик партия – 6 нафар депутат этиб сайланди", — деди МСК раиси.
“Аралаш сайлов тизими синовдан муваффақиятли ўтди. Аралаш сайлов тизимининг жорий этилиши сиёсий партиялар ўртасидаги рақобатни кучайтириб, жамиятимиздаги демократик муҳитга янги қувват бағишлагани, сайловолди ташвиқоти давомида яққол намоён бўлди”, — деди Низомхўжаев.