TOШКЕНТ, 27 окт — Sputnik. Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловида овоз бериш жараёни бошланди, дея хабар берди Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Сайловда овоз бериш соат 08:00 дан 20:00 гача ўтказилади.
Ўзбекистонда парламент сайловлари илк бор аралаш мажоритар-пропорционал тизим асосида ўтказилмоқда. Сайловларни ўтказиш учун 10 717 та сайлов участкаси ташкил этилган, улардан 57 таси 40 та давлатда, шу жумладан, 7 таси Россияда. Ўзбекистондаги парламент сайловларини МДҲ ПАдан 60 нафардан ортиқ кузатувчи кузатиб боради.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда навбатдаги парламент сайлови 27 октябрь куни бўлиб ўтади, сайловолди ташвиқоти 26 июлдан бошланди, номзодлар 22 сентябрдан бошлаб сайловолди ташвиқотини давом эттирмоқда.
Мамлакатда сайловчилар ягона электрон рўйхатига 19 944 859 нафар сайловчи киритилди. Сайловда илк маротаба қатнашадиган ёшлар 506,8 минг нафарни ташкил этади.
Сайлов кампаниясида иштирок этишига ижозат берилган бешта сиёсий партия томонидан бир мандатли сайлов округлари бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига кўрсатилган жами 375 нафар номзод рўйхатга олинди.
Ягона сайлов округи бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига мазкур бешта сиёсий партия томонидан кўрсатилган жами 500 нафар номзодлар рўйхати рўйхатга олинди.
Маълумки, ягона сайлов округи бўйича 75-100 нафар депутатликка номзод партия рўйхатига биноан кўрсатилиши мумкин. Тарихда биринчи марта бешта сиёсий партия томонидан барча даражадаги депутатлик ўринларига 100 фоиз номзодлар кўрсатилди. Хусусан, сиёсий партиялар томонидан бу йил Қонунчилик палатасига жами 875 нафар, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашларига 3 625 нафар, халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларига жами 24 850 нафар номзодлар, яъни барча сайлов округларида номзодлар тўлиқ кўрсатилиши имконига эга бўлди.
Ўзбекистон парламент сайловида жами 851 нафар хорижий (халқаро) кузатувчи, жумладан ўн учта нуфузли халқаро ташкилотлардан, хусусан Европада Хавфсизлик Ҳамкорлик Ташкилотнинг Парламент Ассамблеяси ва Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти, Туркий Давлатлар Ташкилоти, Туркий Давлатлар Парламент Ассамблеяси, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ва МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси, Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти ҳамда бошқа халқаро тузилмалардан жами 560 нафар, хорижий давлатлар 24 та сайлов органларидан 46 нафар, дунёнинг 43 та давлатидан 245 нафар хорижий (халқаро) кузатувчи аккредитациядан ўтказилди.
Айни пайтда, сиёсий партиялардан 55 минг нафар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан 10 минг нафардан ортиқ кузатувчи сайловни кузатиб боради. Ҳозирги кунга қадар маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг жами 1 068 нафар вакили аккредитациядан ўтказилди.
Марказий сайлов комиссиясига кўра, Ўзбекистонда 1 млн 15 минг 948 нафар, хорижда эса 132 минг 667 нафар сайловчи муддатидан олдин овоз берди овоз берди.
Сайлов участкасида соат 20:00 да овоз бериш тугаганлиги эълон қилинади ва сайлов бюллетенлар бўйича овозлар санаб чиқилади.